Жорий йилда ҳудудларда мингдан ортиқ қудуқлар қазилади

Мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, жумладан миллий иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғи бўлган қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва молиялаштиришга қаратилган қатор меъёрий хужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда қабул қилинган фармони билан тасдиқланган “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Бир неча йилдан буён сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишни давлат томонидан субсидия ажратиш орқали қўллаб-қувватланмоқда.

Субсидия – давлат бюджети маблағлари ёки махсус жамғармалар ҳисобидан муайян мақсадлар учун жисмоний ва юридик шахсларга бериладиган пул маблағи ёки натура шаклидаги ёрдам. Субсидия давлат томонидан аниқ ижтимоий мақсадларни кўзда тутиб, қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади. Субсидиялар иқтисодиётни диверсификациялаш (таркибан ўзгартириш), экспорт-импортни мувозанатлаштириш, фан-техника янгиликларини ўзлаштиришни йўлга қўйиш, миллий саноатни ўстириш, айрим ҳудудларни ва тармоқларни ривожлантириш ва бошқа мақсадларда ажратилади.

Давлатнинг иқтисодий дастурларида иштирок этадиган корхоналар ҳам субсидия маблағларини олиши мумкин.

Юқорида келтирилган қарорларга кўра, ҳудудларда томорқа ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳолига томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан, Қорақалпоғистон Республикаси учун 5 метрдан ортиқ бўлган кичик ҳажмдаги ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг биринчи метридан бошлаб, 100 фоизини бироқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган қисми берилади.

Бунда камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғориш учун катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган қисмига субсидия ажратилади.

Қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2022 йилларда республика бўйича 1699 та, шундан 435 та кичик қудуқ, 1264 та катта вертикал суғориш қудуқлари қазилди. Бунинг учун кенгаш ҳузуридаги Жамғарма 147,65 млрд.сўм субсидия ажратди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги 44,6 мингдан ортиқ томорқа ер эгаларига тегишли 5 минг 361 гектар экин ер майдонларини суғориш учун сув билан таъминлашга эришилди.

2023 йилги манзилли дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда сув таъминоти оғир ҳудудларда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилди. Унга мувофиқ 2023 йилда 739 та МФЙда 1175 та қудуқ қазилиши режалаштирилган.

Давлат томонидан қишлоқ хўжалигини мазкур йўналишларда молиявий қўллаб-қувватлаш орқали субсидия маблағларининг ажратилиши ҳудудларда камбағалликни қисқартириш учун аҳолини қўшимча даромад манбаи билан таъминлаш, аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш ва нарх-наво барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.

Аббос МАДИЕВ,

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа 

ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи

https://uza.uz/uz/posts/joriy-yilda-hududlarda-mingdan-ortiq-quduqlar-qaziladi_465104

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram