Ҳар бир оила ҳаётида ўзгариш бўлиши керак
Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Сурхондарё иқлимида ерлардан 3 мартагача ҳосил олиш мумкинлиги, аҳолига кўмаклашиб, даромад манбаи яратиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Учрашув давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши вакиллари сектор раҳбарлари билан Музрабод туманидаги хонадонларда бўлиб, аҳолини томорқалардан фойдаланиш ҳолатини ўрганди.
Ўрганишлар жараёнида туманнинг “Юртим жамоли” маҳалласидаги Н.Ҳайиталиев хонадонида лимон дарахти оралари бўш турганлиги аниқланди. Ушбу хонадонда бўлган учрашувда маҳалла раисларига ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, аҳоли даромад манбаини ошириш борасида тушунтиришлар ва тегишли тавсиялар берилди. Мазкур томорқанинг бўш турган қисми тезда экин экиш учун тайёрланиб, помидор, ток кўчатлари экилди.
Ишчи гуруҳи туманнинг “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи, 20 сотих майдондан унумли фойдаланиб, йилига 100 миллион сўмдан ортиқ даромад олаётган Ш. Амонқулов хонадонида ҳам бўлди.
– Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим, – дейди Шомуҳаммад ака.–Ҳозир “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Биз ҳам йилига 2-3 марта ҳосил олиш чораларини кўряпмиз. Деҳқончиликдан ташқари чорвачилик ҳамда паррандачиликни ҳам йўлга қўйганмиз.
Ишчи гуруҳи баҳор мавсуми ўта тиғиз пайт эканлиги, ниҳол қадаш, уруғ сепиш ишларига узоғи билан ўттиз кун ичида улгуриш кераклиги борасида алоҳида тушунтириш берилди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажмини барқарор ошириш ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида аҳоли ихтиёридаги томорқаларда йилига уч марта ҳосил олишни таъминлаш чораларини кўрмоқда
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/har-bir-oila-hayotida-ozgarish-bolishi-kerak_463691