Ортиқча тўланган солиқ фермер хўжалигига қайтарилди
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири сифатида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш белгиланган.
— Бугунги кунда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан назорат қилувчи органлар, хусусан, Давлат солиқ хизмати органлари билан юзага келган муносабатларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кўзлаб, бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши юридик бўлим бошлиғи Ж.Мусулманов. – Кенгаш томонидан Қўнғирот тумани “Меҳнатобод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган “ERBOL SHARUA” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармасига қарата 549 миллион 183,7 минг сўм ортиқча тўланган солиқ суммасини ундириш бўйича даъво аризаси киритилди. Мазкур даъво ариза 2023 йил 30 январь куни Қўнғирот туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилди ва “ERBOL SHARUA” фермер хўжалиги томонидан ортиқча тўланган 549 миллион 183,7 сўм пул маблағи фермер хўжалигига қайтарилди.
Шунингдек, Тахиатош тумани Давлат солиқ инспекцияси томонидан инспекциянинг 2023 йил 9 январь кунги қарори асосида ушбу тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботлари ўз вақтида топширилмаганлиги ҳолати юзасидан туман кенгаши бош ҳисобчисига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима тайинланган. Жорий йилнинг 24 январь куни жиноят ишлари бўйича Тахиатош тумани суди томонидан Инспекциянинг ушбу қароридан норози бўлиб берилган шикоят аризаси асосида иш кўриб чиқилди. Натижада, шикоят аризаси қаноатлантирилиб, Тахиатош тумани давлат солиқ инспекциясининг 2023 йил 9 январь кунги қарори бекор қилинди
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/ortiqcha-tolangan-soliq-fermer-xozhaligiga-qaytarildi_461947