Риштонлик фермер аёл: “ Ҳаётдан нолиш, дийдиё қилиш мен учун бегона”

Баҳорги ишлар авж паллага кирди. Лекин деҳқон-фермерлар қиш ичи ҳам даласидан бери келмайди, фаслнинг фарқи йўқ улар учун. Фарғона вилояти Риштон туманидаги “Агроном Алиев” фермер хўжалиги раҳбари Нодирахон Алиевани ҳам қадрдон даласидан топдик. Ҳар бир дамни ғанимат билиб, қимматли фурсатни бой бергиси келмаётгани унинг шижоат ёнган кўзларидан билиниб турарди.

– Экин-тикин ҳам фарзандингдай бўлиб қоларкан. Ҳар куни саҳарда келиб, бир айланаман. Буғдойларимизнинг авжи яхши бу йил, – дейди Нодирахон. – Агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказилмаса, ҳосилдорликка таъсир қилади. Бугун ғалла майдонига суспензия сепяпмиз. Ғўза экиладиган майдонни ҳам экишга тахт қилиш тараддудидамиз.

Бу йил 50 гектар майдонда пахта, 43 гектар майдонда ғалла етиштираётган фермер хўжалиги раҳбари ташаббускорлиги билан эл оғзига тушган. Зотан, барча саъй-ҳаракатларида янгиликка интилиш, қишлоқ хўжалиги масъуллари билан маслаҳат қилиб, деҳқончиликка илмий ёндашиш ўз натижасини бериб келмоқда. Ўтган йилнинг ўзида пахтадан 1 миллиард 300 миллион сўм, буғдойдан 550 миллион сўм даромад қилишнинг ўзи бўлмайди, ахир. Ҳосилдорлик эса пахтадан 50, ғалладан 85-90 центнерни ташкил қилган. Бу натижалар ҳокимлик ва кластер корхоналари томонидан муносиб тақдирланиб келмоқда.

– Рағбат ва эътибордан руҳланиб кетаман. Аслида ҳам, халқ эътирофи, юртбоши назаридан ортиқ мукофот йўқ мен учун. Шу билан бирга, катта масъулият ҳам юклайди. Мактабни битирган йилим олийгоҳга контракт асосида қабул қилинганман. Лекин ўша пайтда оиламиздаги моддий шароитни кўрибми, ота-онамни авайлабми – ўқимадим. Кейин Марғилон тижорат техникумида таҳсил олиб, ҳисобчилик касбини эгаллаганман, – дея суҳбатни давом эттиради қаҳрамонимиз. – Ҳаётдан нолиш, дийдиё қилиш мен учун бегона. Ҳавас билан яшаш, фақат  олға интилиш, муаммо-ю тўсиқларни секин-аста енгиб, эзгу мақсадлар сари интилавериш керак. Қайнотам ва турмуш ўртоғим агроном бўлгани боис истиқболли пахта ва ғалла навларини экиш, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланиш доимий эътиборимизда. Бу борада мамлакатимизнинг етакчи илмий-амалий марказлари, олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келамиз.

Хўжалик далаларини айланарканмиз, бу ердаги саранжом-саришталик, ишчилар юзидаги хушкайфият эътиборни тортди. 20 гектардан ошиқ майдон томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилади. Уватлардаги қатор терилган яшикларда етти хазинанинг бири – асалари парваришланяпти. Шинамгина дала шийпони томига қуёш панеллари ўрнатиш ишлари бошлаб юборилган. Чорвачилик ва паррандачиликдан ҳам даромад келишни бошлаган.Хўжаликда бу каби ютуқлар талайгина.  

–Асосийси, мамлакатимизда йўлга қўйилган кластер тизими фермерлар учун катта имконият ва ютуқлар эшигини очиб берди, – дейди Нодирахон. – “Ер тўйса, эл тўяди” деган мақол бор. Топилган даромад эвазига янги техникалар сотиб олиняпти, ишчилар манфаатдорлиги яхшиланяпти. Президентимиз яқинда вилоятимизга ташрифи чоғида водий вилоятларида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш, кластерларни қўллаб –қувватлаш борасида йиғилиш ўтказди. Унда қатнашиб, жуда катта куч-қувват олдим.

… Баравж буғдой ниҳолларини сийпалаганча, ҳайдалган яйдоқ майдонга тикилган фермер аёлнинг нигоҳи бир нуқтага қадалди. Баҳор қуёшидан бироз қорайган юзларини жиддийлик эгаллади. Гармсел тортқилашга тушган рўмолини тўғрилаб, шахт билан олға юрди. Шу онда турмуш ўртоғи, фарзандлари ташвишидан ортиниб, янги-янги марраларни кўзлаган, юрт корига камарбасталикни дилига туккан бўлса, не ажаб.    

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/rishtonlik-fermer-ayol-hayotdan-nolish-diydiyo-qilish-men-uchun-begona_460758

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram