Юртимиздаги 4,5 мингга яқин ўсимлик турларининг 750 таси доривор ўсимликлардир
Юртимизнинг ўзига хос табиати, иқлим шароитлари турли шифобахш маҳсулотлар етиштиришда жуда қўл келади. Адир ва тоғларда, чўл ҳудудларида ўсувчи доривор ўсимликлар табиийлиги ва шифобахшлиги билан турли хасталикларга дармондори сифатида ишлатиб келинади. Ибн Сино бобомизнинг юртимизда ўсувчи доривор ўсимликларнинг шифобахшлиги, фойдалари хусусида ёзиб қолдирган бебаҳо илмий мероси табобат оламида, қолаверса, фармацевтика соҳасида муҳим дастуриламал бўлиб келаётир.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб бормоқда. Биргина 2022 йилда янги 18 та фармацевтика корхонаси ишга туширилган бўлиб, жами 335 номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда фармацевтика маҳсулотлари экспорт қилинаётган давлатлар сони ҳам кўпайиб, улар 34 тадан 39 тага етди. Бунда мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун етарли хомашё базаси мавжудлиги ҳам асосий омил бўлмоқда. Яъни 4 минг 500 га яқин ўсимлик турлари мавжуд бўлиб, уларнинг 750 турдагиси доривор ўсимликлар ҳисобланади.
Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, доривор ўсимликлар экиш ва саноатбоп маҳсулотлар хомашёсини етиштириш кўламини ҳам оширишни тақозо этади. Маълумотларга кўра, бу борада ўтган 2022 йилда 162 та субъектлар томонидан 15,8 минг гектарда 45 турдаги доривор ўсимликлар етиштирилиб, 50 миллион долларлик 13,5 минг тонна маҳсулот экспортга йўналтирилди.
Тармоқда доривор ўсимликлар етиштирувчи 9 та кластерлар томонидан минг гектар майдонда 29 турда жами 200 тонна доривор ўсимликлар етиштирилган. 62 минг тонна маҳсулотлар ички бозорга йўналтирилган ва 1,67 миллион долларлик 138 тонна маҳсулот экспорт қилинган.
Доривор ўсимликлар етиштириш кўламини кенгайтиришда уруғ ва кўчатчилик соҳасидаги ишлар ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада ўтган йили 11 та субъект томонидан 14 турдаги доривор ва резавор ўсимликлар уруғ ва кўчатчилиги йўлга қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, серқуёш ўлкамиздаги мавжуд табиат неъматларидан унумли фойдаланиш, шу билан бирга, доривор ўсимликларни етиштириш борасидаги амалий ишлар фармацевтика саноатини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш кўламини оширмоқда.
М.Комилова, ЎзА