Энди фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аралашуви қатъиян таъқиқланади

Мамлакатимизда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатни йўлга қўйиш, пахта хомашёсини етиштирувчи ҳамда уни қайта ишловчи корхоналар фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган амалий ишлар бошлаб юборилди.

Бунда Президентимизнинг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажаради.  

– Қарор билан пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига бир қатор имтиёзлар яратилди, – дейди Навоий вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Акмал Муродов. – Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилиши белгилаб қўйилди.  

Энди маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги муносабатларга аралашолмайди. Қарорда пахта етиштириш бўйича давлат буюртмаси тўлиқ бекор қилингани боис мустақил хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Бунда ўзаро келишилган фьючерс шартномалари асосида ишлар ташкил этилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилади. Пахта хомашёсининг харид нархлари ўзаро манфаатли келишувлар асосида шаклланиши ва шаффоф тизими жорий қилинади.    

Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан бўнак тўлаш маҳсулот етиштирувчилар билан келишув асосида пул ва моддий ресурслар шаклида амалга оширилади. Бунда фермерлар норозилигига сабаб бўлаётган салбий амалиётга барҳам берилиб, эндиликда моддий ресурслар, жумладан, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари устамаларсиз (етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари бундан мустасно) етказиб берилади.  

Техникалар харидида ҳам фермер, томорқачилар учун қулайлик яратилади. Яъни, эндиликда хориждан олиб келинган ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ушбу техникалар қийматининг 30 фоизи давлат бюджетидан тўланади. Пахта хомашёси етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг ҳам 50 фоизигача қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.  

2025 йил 1 январга қадар импорт қилинадиган минерал ўғитларга божхона божининг “ноль” қийматда қўлланилиши белгиланди. 2023 йил 26 январь кунига қадар фермер хўжаликларининг барча солиқлари бўйича ҳисобланган ва тўланмаган пенялари, истисно тариқасида ҳисобдан чиқарилди. Томчилатиб суғоришга берилган ва бериладиган кредитлар муддати беш йил этиб белгиланди.  

Айни пайтда барча пахтачилик йўналишидаги фермерларга Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда томчилатиб суғоришга бериладиган кредитлар муддатини 5 йилга белгилаш ҳамда мазкур мақсад учун аввал берилган кредитларга нисбатан ҳам ушбу муддатга қайта расмийлаштириш чоралари кўрилаётгани юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориляпти.  

Абдували Бўриев, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/endi-fermerlar-va-paxta-toqimachilik-klasterlari-faoliyatiga-mahalliy-davlat-hokimiyati-organlari-aralashuvi-qatiyan-taqiqlanadi_457955

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram