Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун яна бир имконият яратилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида бўлиб ўтган йиғилишда шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги, бундай ҳолатда тенг ҳуқуқли тадбиркорлик субъектлари ҳисобланувчи кластерлар ва фермерлар ўртасидаги шартномавий муносабатларга давлат органларининг ёки маҳаллий ҳокимликнинг аралашуви эса, шартнома тузиш эркинлиги принципига зид ҳисобланиши ҳақида сўз юритилди.

Мазкур қарорга кўра, 2023 йил ҳосилидан бошлаб, ҳар йили 1 октябрга қадар пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер ҳўжаликлари билан келгуси йил ҳосили учун пахта хом ашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилади.  

2023 йил ҳосили учун 2023 йилнинг 1 февралга қадар шартнома тузилган бўлиши керак. Бунда, пахта хом ашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари солиқ органларининг ахборот тизимида рўйҳатдан ўтказилади ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизимига интеграция қилинади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ўтказилган йиғилишда Президент қарори ижросини таъминлаш, бунда барча меъёрий ҳужжатларга риоя қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга кенгаш мутахассислари батафсил жавоб беришди.

Ж.Раҳмонов,  

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши матбуот котиби

https://uza.uz/uz/posts/fermer-dehqon-xozhaliklari-va-tomorqa-er-egalari-uchun-yana-bir-imkoniyat-yaratildi_451001

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram