Фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аралашуви қатъиян таъқиқланади
Мамлакатимизда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер ҳўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли муносабатни йўлга қўйиш, пахта хом ашёсини етиштирувчи ва уни қайта ишловчи корхоналар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 январда қабул қилинган “Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига бир қатор имтиёзлар яратилди.
Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатиъян ман этилиши белгилаб қўйилди.
Фермерлар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасидаги муносабатларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аралашуви қатъиян таъқиқланди. Пахта етиштириш бўйича давлат буюртмаси тўлиқ бекор қилингани боис давлат раҳбари қарорида мустақил хўжалик юритувчи субьектлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Бунда ўзаро келишилган фьючерс шартномалари асосида ишлар ташкил этилади. Қарорда ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йил ҳосили учун пахта хом ашёсини етиштириш бўйича фьючерс шартномалари тузилиши белгиланган. Пахта хом ашёсининг харид нархлари ўзаро манфаатли келишувлар асосида шаклланиши ва шаффоф тизимнинг жорий қилиниши назарда тутилган.
Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан бўнак тўлаш маҳсулот етиштирувчилар билан келишув асосида пул ва моддий ресурслар шаклида амалга оширилади. Бунда фермерлар норозилигига сабаб бўлаётган салбий амалиётга барҳам берилади. Эндиликда моддий ресурслар, жумладан, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари устамаларсиз (етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари бундан мустасно) етказиб берилади.
Техникалар харидида ҳам фермер, томорқачилар учун қулайлик яратилади. Яъни эндиликда хориждан олиб келинган ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ушбу техникалар қийматининг 30 фоизи Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Пахта хомашёси етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг ҳам 50 фоизигача қисми Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Пахта майдонларини насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
2025 йил 1 январга қадар импорт қилинадиган минерал ўғитларга божхона божининг «ноль» қийматда қўлланилиши белгиланди. 2023 йил 26 январь кунига қадар фермер ҳўжаликларининг барча солиқлари бўйича ҳисобланган ва тўланмаган пенялари, истисно тариқасида ҳисобдан чиқарилди.
Томчилатиб суғоришга берилган ва бериладиган кредитлар муддати беш йил этиб белгиланди.
Биз барча пахтачилик йўналишидаги фермерларга Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда бир ой муддатда томчилатиб суғоришга бериладиган кредитлар муддатини 5 йилга белгилаш ҳамда мазкур мақсад учун аввал берилган кредитларга нисбатан ҳам ушбу муддатга қайта расмийлаштириш чоралари кўрилаётгани юзасидан тушинтиришлар бермоқдамиз.
Зокир Алламурадов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.