Томорқа ер бебаҳо хазина

Бухоро вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан аҳолининг шахсий экин майдонларидан самарали фойдаланаётгани, бу борадаги ташаббус ва тўпланган тажрибалари ўрганилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Когон ва Жондор туманлари бўлди. Когон туманидаги 20 минг 928 та хонадон ихтиёрида жами 2 минг 500 гектардан ортиқ экин майдони мавжуд. Айни пайтда туманда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Сараён қишлоғида истиқомат қилувчи “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби Сайид Нарзиевнинг ердан фойдаланиш тажрибаси ишчи гуруҳ томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, унинг қулупнай етиштириш сирларини пухта ўзлаштиргани оиласи учун мўмай даромад келтирмоқда.  

– Нафақат қулупнай етиштирамиз, балки унинг кўчатини ҳам тайёрлаймиз, – дейди томорқа эгаси Сайид Нарзиев. – Чиндан ҳам аҳолининг томорқа еридан доимий ва қўшимча даромад олиши учун кенг имкониятлар яратилган. Агар томорқа эгалари астойдил меҳнат қилса, албатта ҳам ўзининг, ҳам бозорларнинг тўкинлигига хизмат қилади.  

Жондор туманидаги Ифтихор қишлоғида яшовчи Шоҳрух Жўраев ҳам ёш бўлишига қарамай бундай имкониятдан самарали фойдаланмоқда. У уч йилдан буён иссиқхона шароитида бодрингдан юқори ҳосил олмоқда.  

Ер тилини, ишнинг кўзини биладиган томорқа эгаси келгусида янги лойиҳалар устида иш олиб боришни режалаштирмоқда. Бунда оила аъзолари унга яқин кўмакчи бўляпти.  

– Келажакда гидропоника усулида қулупнай ва помидор етиштиришни режалаштиряпман, – дейди Шоҳрух Жўраев. – Оила аъзоларим билан бирга меҳнат қилиб кам бўлаётганимиз йўқ. Изланишларим бесамар кетмаяпти.  

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан олиб борилаётган ўрганишлар жараёнида мутахассисларнинг ер эгаларига бераётган маслаҳат ва амалий ёрдамлари  ердан унумли фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири

https://www.uza.uz/uz/posts/tomorqa-er-bebaho-xazina_450139

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram