Голубика — ҳар гектардаги 3-5 минг тупдан ўртача 20 тонна атрофида ҳосил олинади

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида  ишлаб чиқаришнинг янги – кластер усули йўлга қўйилмоқда. Кластерларга ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг ҳажми экин турлари бўйича пахта-тўқимачиликда 67 фоизни, чорвачиликда 8 фоизни, мева-сабзавотчиликда 7,5 фоизни ташкил этмоқда.

Мева-сабзавот ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2023 йилда юртимизда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш хажми 5 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда дунё бозорларида гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус ва резавор мевалар каби маҳсулотларга талаб юқори ва ушбу маҳсулотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда. 

Юртимизда халқаро ҳамда маҳаллий молия ташкилотларидан маблағлар жалб этиш орқали гилос, ўрик, анор, шафтоли, олхўри, ёнғоқ цитрус ва резавор каби меваларга ихтисослашган янги замонавий боғлар ташкил қилиш ҳисобига ҳосилдорликни кескин ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ноанъанавий резавор мевалардан бири Голубика етиштириш йўлга қўйилмоқда.

Голубика жуда ҳам фойдали ва мазали резавор мева, таркибида кўп миқдорда витамин ва минераллар мавжуд. Ҳозирги кунда иқлими мос келган давлатларда саноат миқиёсида экиш даромадли бизнеслардан ҳисобланади.

Голубика кўчатлари бута шаклида, баландлиги бир метр атрофида бўлади. Мевасининг баҳоси, фасл омилига қараб, ҳар бир килограми учун 3 доллардан 10 долларгача ўзгариб туради. Олти йил парваришлангандан кейин голубика меваларининг ҳосилдорлиги ҳар бир тупга 5 килограмгача етади.

Бир гектар майдонга камида 3000 туп бута экилади. Беш-олти йилдан кейин бир мавсумда гектаридан 15000 кг. атрофида голубика меваси ҳосилини йиғиб олиш орқали улгуржи нархини  тахминан камида 3 доллардан ҳисоблаганда бир мавсумга ҳар гектар майдондан 45 минг доллар даромад қилиш мумкин.

         Голубика меваси жаҳон бозорида энг қиммат резаворлардан бири эканлиги инобатга олинса, транспорт воситаси орқали узоқ юртларга етказишда логистиканинг қимматлиги, уни Ўзбекистондан бошқа мамлакатлар бозорларига етказиб беришда қийинчилик туғдирмаслиги керак. Ўзбекистонда голубика мевасини қўлда йиғиб олиш учун ишчи кучлари етарли бўлгани сабабли, мамлакатимиздаги қишлоқ аҳолиси учун ушбу резаворларни анча юқори нархларга сотиш орқали катта даромадлар олиш имконини беради.

Деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига Голубика ўсимлигини кўчатларини етиштиришни йўлга қўйиш, буталарини парваришлаш ва  етиштириш борасидаги тавсияларни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши  мутахассислари қўлланма тайёрлади.

Унда Голубика кўчатларини экиш учун тупроқнинг ишқорлилик даражасини – Ph кўрсаткичини мунтазам равишда текшириб турилиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Агар ишқорлилик даражаси меёридан юқори бўлса, унда ўсимлик хлороздан азият чекишни бошлайди. Бунинг сабаби шундаки, ортиқча ишқорлилик оқибатидан микоризалар нобуд бўлганлиги сабабли кўчатлар етарли бўлмаган миқдорда ўғитланади.

 Голубика кўп йиллик бута  бўлиб, ўртача 50-60 йил давомида ҳосил беради. Унинг мевалари 1-1,5 ой турининг хилма-хиллигига ва иқлимга қараб, май-июль ёки июль-август ойларида пишади. Эртапишар навлар майнинг биринчи ўн кунлигидан бошлаб, кечпишар навлар июль ойининг 2 дан 3 декадаларига қадар ўрта ва тўла пишиб етилади. Ҳар бир навнинг пишиб етилиш даврида 3 мартадан 5 мартагача мева ҳосили териб-йиғиб олинади. 

Голубика халқ табобатида ва расмий тиббиётда қўлланилади. Янги (свежий) мевалари цингага қарши чора бўлиб, ошқозон секрециясини ва ошқозон ширасининг ҳазм килиш кучини оширади.  Унинг таркибида 8 фоизгача қанд моддалари, 2,7 фоизгача органик кислоталар, 1 фоизача оқсил кабилар мавжуд. Қанд ва кислоталар пектин ва ошловчи моддалар билан биргаликда Голубика меваларининг ўзига хос таъмини ҳосил қилади. Улар иштаҳа очувчи, ошқозон ва ошқозон ости бези шираси ишлаб чиқаришини кучайтиради. Шунингдек, пектин моддалар уларни ошқозон-ичак касалликларини даволашда, одам организмига радиактив ва оғир металлар тушиш эҳтимоли бўлган зарарли ишлаб чиқаришларда профилактика чора сифатида қабул қилиш имкониятини беради.

Голубика меваларининг энг муҳим хусусиятларидан бири – уларнинг турли дори-дармон қабул қилиш натижасида юзага келадиган аллергияларни бартараф этишидир. Голубика меваларини  ҳатто диатез ва бошка аллергик табиатга эга касалланган  болалар овқатлантириш рационига қўшиш мумкин. 

Ҳозирда Голубиканинг Белорусь давлатидан олиб келинган навлари Наманган вилоятидаги “DGT 3X MEVA-SABZAVOT KLASTERI” да маҳаллийлаштирилди. Кўчатларда ҳосилнинг илк нишоналари бўй кўрсатмоқда.

Н..Мирабдуллаев,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Маркетинг ва экспортга кўмаклашиш” бўлими бошлиғи

https://uza.uz/uz/posts/golubika-har-gektardagi-3-5-ming-tupdan-ortacha-20-tonna-atrofida-hosil-olinadi_449746

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram