Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрда “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу ҳужжатга асосан Сурхондарё вилоятида ўтган йилда 1 минг 210 нафар томорқа ер эгасига 30,4 миллиард сўм ажратиб берилган. Бойсун, Жарқўрғон, Қизириқ ва Қумқўрғон туманларида 4 та томорқачилик кластерлари ташкил этилган. Бунинг учун тегишли маблағ йўналтирилган. Ҳудуддаги сув таъминоти оғир бўлган 24 маҳаллада 28 та артезиан қудуқлари ишга туширилиб, 3,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиб берилган.
Вилоятда ҳоли хонадонларининг 49,5 минг гектар экин майдонлари мавжуд. Жорий йилда қанча майдонга эрта баҳорги, такрорий экинлар ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экилиши белгилаб олинган. 545 та маҳалла “бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилиши кўзда тутилган. Аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этилиши ва натижада кўзда тутилган миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши бўйича пргноз кўрсаткичлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Шу кунларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши масъуллари вилоят маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари ва томорқа ер эгалари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томорқада ихчам иссиқхоналар ва “дуга” усулида парниклар ташкил этиш орқали 2-3 марта ҳосил олиш, шунингдек, айни кунларда кузатилаётган аномал совуқ шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда боғ ва токзорларни совуқ уришидан асраш бўйича керакли тавсиялар берилди. “Бир маҳалла бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослашган маҳаллаларда “агро дўкон”лар ва кичик “Томорқа хизмати” марказлари ташкил этиш бўйича ташаббускорларни аниқлаш ва зарурий маблағларни ажратиш юзасидан топшириқлар берилди.
Сурхондарё тўқсонбосди усулида сабзавот етиштириш бўйича энг катта тажрибага эга вилоят ҳисобланади. Ҳудудда 2022 йилда жорий йил ҳосили учун жами 36,2 минг гектар сабзавотлар экилган. Ушбу экинлардан жами 737,2 минг тонна маҳсулот етиштириш бўйича маҳаллалар кесимида прогноз кўрсаткичлар ишлаб чиқилган.
Ангор тумани “Илғор” маҳалласида ҳам аҳоли томорқа ер эгалари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашув давомида тўқсонбосди усулида сабзавот экинларини экиш ва парваришлашда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар тўғрисида фикр алмашинилди ва тегишли тавсиялар берилди. Учрашув давомида масъулларга ушбу маҳалладаги уста деҳқонлар тажрибасини томорқачилик мактаби сифатида вилоятнинг бошқа туманларидаги маҳаллаларга ҳам кенг жорий қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.