Томорқа ер эгалари қўллаб-қуватланмоқда

Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимизнинг анъанавий турмуш тарзига айланиб кетган томорқачиликни қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор берилмоқда.

Шу мақсадда бундан қарийб беш йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузурида алоҳида Жамғарма тузилган эди.  

Бугунги кунда Жамғарма томонидан фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги кооперативлари молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Бундан ташқари, кредит ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш, соҳада инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалигида янги самарали технологияларни жорий қилишга ҳам кўмаклашилмоқда.

Жамғарма қишлоқ хўжалиги фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларни, лойиҳалар, тадбирларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, 5 йил давомида 48 мингдан ортиқ томорқа ер эгалари ва тадбиркорлар жами 1 триллион 384 миллиард сўмдан ортиқ молиявий қўллаб-қувватланган бўлса, биргина 2022 йилда 18 мингдан ортиқ ташаббускорларга 618,7 миллиард сўм маблағлар имтиёзли кредит сифатида ажратилган.

Томорқа ер эгаларига ажратилган маблағлар эвазига 4546 та хонадонда жами 81,6 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди. 6448 та хонадонда 62800 дан ортиқ зотдор қўй, яна 1174 та хонадонда 3804 та қорамол, 2200 та хонадонда 425 мингдан ортиқ парранда, 620 та хонадонда 11200 дан ортиқ асалари қутилари, 212 та хонадонда 10,9 мингдан ортиқ қуён, 415 та фуқаро томонидан салкам 700 та мотокультиватор сотиб олинган.  

Шунингдек, 865 нафар томорқа ер эгаси томонидан 19,5 миллиард сўмлик кўчат ва уруғлар сотиб олинган бўлса, 145 нафар томорқа ер эгаси боғ ва токзор ташкил этиш учун 3,6 миллиард сўмлик кредит олган. Амалга оширилган ишлар натижасида якунланган йилда жами 16 мингдан ортиқ янги доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилишига эришилган.

Албатта, мақсадимиз юртимизда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий қўллаб-қувватлаш ва бу орқали хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантиришдир.

Маъруфжон Ўрозов,  

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош мутахассиси.

ЎзА 

https://uza.uz/uz/posts/tomorqa-er-egalari-qollab-quvatlanmoqda_443987

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram