Пастдарғомлик фермерлар нега байрамни нишонламади?

Декабрь ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалигида энг катта улушга эга Пастдарғом туманидаги фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ҳам ҳар йили бу кунни катта тантана қилишарди. Аммо улар бу йил байрам муносабати билан дастурхон тузаб санани нишонламади.

Гап шартнома режаларининг бажарилиш ёки бажарилмаслигида эмас. Соҳанинг барча тармоқларидан кутилганидан мўл ҳосил етиштирилди, даромад ўтган йилгидан кўп бўлди. Ғаллачилик ва пахтачиликда ҳам аввалги йиллардан кўра юқори ҳосилдорликка эришилди. Пастдарғомлик фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ходимлари байрам дастурхонига кетадиган 250 миллион сўм маблағни тумандаги 103 нафар етим бола тарбияланаётган 70 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва болалар учун қишки кийим-бош олиб беришга сарфлашга қарор қилди.

Туман ҳокимлиги бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Албатта, қишлоқ хўжалиги ходимлари меҳнати эътироф этилиб, йил сарҳисоб қилинди, илғорларга миннатдорлик билдирилди, ташаккурнома берилди.

– Қармоғимда 5 нафар етим бола бор, уларга таълим-тарбия беряпман – дейди Янгиобод маҳалласида яшовчи Меҳринисо Маллаева. – Туманимиз фермерлари ана шу болалар учун кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб беришди. Илоҳим, барака топишсин. Улардан ҳам, туман ҳокимлигидан ҳам миннатдорман. Куни кеча Конституция байрамида туман ҳокимлигига чақириб, етим болалар бошини силаётган мен каби аёлларга давлатимиз раҳбари имзоси қўйилган эсдалик нишони беришди. Бу эътибордан ҳам бошимиз кўкка етди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/pastdargomlik-fermerlar-nega-bayramni-nishonlamadi_433890

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram