Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланмоқда
Буюк аждодимиз Алишер Навоийнинг: «Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳгли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат», деб айтган сўзларида чиндан ҳам теран ҳақиқат мужассам.
Албатта, қишлоқ хўжалиги соҳасида осон ва енгил йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурсларининг чеклангани, турли ҳашарот ва зараркунандалар билан курашиш ҳар бир деҳқондан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажрибани талаб этади.
Шу боис ҳам Самарқанд шаҳрида ўтказилган байрам шодиёналари давомида бой билим ва тажрибаси, омилкорлик хислатларини намоён этиб, илм-фан ютуқларини самарали қўллаш ҳисобидан юксак хирмон яратган барча деҳқон ва фермерларга алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Унда жорий йилнинг ўтган даврида юртимизда 11 мингга яқин, яъни 90 фоиз фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилгани натижасида қарийб 37 минг аҳоли иш билан таъминлангани, дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда ички бозоримизни тўлиқ таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кўпайтириш учун барча шароитлар мавжуд эканлиги алоҳида қайд этилди.
Хабарингиз бор кейинги йилларда иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, фермер, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ аҳамият берилмоқда. Хусусан, жорий йилда соҳага тегишли 5 та қонун, Президентимизнинг 12 та фармони ва 30 данортиқ қарори эълон қилингани бунинг ёрқин далилидир.
Улар орасида аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш борасидаги меъёрий ҳужжатлар ҳам мавжуд. Натижада бу йил республика бўйича 5,5 миллион аҳолига тегишли 509 минг гектар майдонда экинлар тўлиқ экилиши таъминланиб, 16 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди. Эътибор туфайли томорқалардан икки ва уч марта ҳосил олиб, мўл даромад олиш борасида ўзига хос мактаб яратган туманлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Мисол учун 2018 йилда 18 та бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 85 тага етди. Томорқадан фойдаланиш самарадорлиги 1,90 – 2,0 фоизга етказилди.
«Бир маҳалла бир маҳсулот» тамойилига амал қилиш асосида аҳоли хонадонларида маҳсулот етиштириш кўпайиб, бундай маҳаллалар сони 4109 тага етди. Узумчилик, анорчилик, мевачилик ва боғдорчилик, интенсив сабзавотчилик, картошкачилик каби йўналишлар шулар сирасидан. Шунингдек, маҳаллаларни ноанъанавий экинларга ихтисослашиш ҳам кузатилмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятининг Фарғона тумани (Водил) деҳқонлари Шаҳрисабз туманининг «Мираки» МФЙсига бориб аҳолига малина экишни ўргатди. Бўстонлик, Юқоричирчиқ, Бахмал, Китоб, Сўх, Жомбой, Қизилтепа, Косонсой ва Тўрақўрғон каби туманларда малинани хонадонларда етиштириш йўлга қўйилмоқда.
«Ҳар бир ёшга – бир гектар» дастури доирасида ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда. Мисол учун, ғалладан бўшаган майдонларнинг 84 минг гектари 266 мингта кам таъминланган оилалар ва ишсиз ёшларга берилиб, уларга фермер хўжаликлари ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди. Ушбу дастур натижасида 1 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди.
Давлат томонидан шахсий томорқа эгаларига артезиан қудуқлари қазиш ҳамда ихчам иссиқхоналар қуриш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ҳам аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос йўналишига айланди. Ушбу эзгу мақсадлар учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 65 ярим миллиард сўм, томорқа хизмати корхоналари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва фермерларни қўллаб-қувватлаш учун эса 110 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Байрам тадбирларида келгусида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни амалиётга татбиқ этиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда маҳсулот турлари ва экспорт ҳажмини янада ошириш, соҳага илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни жорий этиш бундан буён ҳам устувор вазифалардан бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди.
ЎзА
https://uza.uz/uz/posts/qishloq-xozhaligi-xodimlari-kuni-keng-nishonlanmoqda_432167