Аграр тармоқда изчил ислоҳотлар давом этмоқда
Кейинги йилларда пахтачилик соҳасида юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерларини ривожлантириш мақсадида кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Бу эса ўз навбатида аграр тармоқда ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Масалан, ўтган 5 йилда биргина Сурхондарё вилоятида пахтачилик соҳасидаги эришилган ютуқларни олиб қарайдиган бўлсак, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган дастурлар, қабул қилинган қарорлар катта самара бераётганига гувоҳ бўламиз. Бу энг аввало пахта ҳосилдорлигини ошириш билан боғлиқ. Вилоятда кейинги йилларда пахтачилик соҳасида юқори ҳосилдорлик кузатилмоқда. Буни биз қуйидаги рақамлардан ҳам билсак бўлади.
2018 йилда ўртача ҳосилдорлик 20 центнерга бажарилган бўлса, 2019 йил 27 центнерга етказилди, 2020 йилга келиб, бу кўрсатгич янада ортиб, 30 центнердан ошди.
Кластер ва фермер хўжаликлари ўртасидаги дастлабки келишмовчиликларга барҳам берила бошлангани боис, 2021 йилда ҳосилдорлик 34 центнерга бажарилган. Бу йил пахта харид нархининг оширилганлиги фермер хўжаликларида кўтаринки руҳни таъминлади. Вилоят фермерлари янада куч ва ғайратларини ишга солдилар. Натижада ҳосилдорлик 35 центнерга етказилди. Пахта ҳосилдорлигининг ортиб боришини 2018 йилга нисбатан таққослайдиган бўлсак, вилоят бўйича ўртача 15 центнерга ошганини кўрамиз.
Беш йилда ғаллачиликда эришилаётган ютуқларни ҳам аграр тармоқда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор аҳамияти билан баҳолаш мумкин. Масалан, 2018 йилда ҳосилдорлик базўр 27,5 центнерга етган бўлса, 2019 йил ўртача ҳосилдорлик бирданига 57,3 центнерга кўтарилди. 2020 йилда сурхондарёлик фермерлар ҳосилдорликни 67,7 центнерга олиб боришди.
Ўтган 2021 йил воҳа деҳқончилигида катта ўзгаришлар рўй берди. Ўртача ҳосилдорлик 69,4 центнерга етказилди. 2022 йилда Президентимиз томонидан Республика фермер хўжаликларига мисли кўрилмаган янгиликлар бўлди. Яъни дон харид нархининг оширилиши, қолаверса давлат буюртмасининг бекор қилиниши, шунингдек, ортиқча ғаллани фермер хўжалигининг ўзи бевосита хомашё биржасида эркин сотиши деҳқончиликда катта ўзгаришлар қилди. Бу сингари муҳим қадамлар албатта ғалла ҳосилдорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Натижада ўртача ҳосилдорлик 73 центнерга етказилди.
Вилоят фермерларининг келгуси йил ҳосилидан ҳам умидлари катта. Айни пайтда воҳада фаолият юритаётган фермер хўжаликлари пахтадан ҳам, ғалладан ҳам ўртача ҳосилдорликни бунданда ошириш чораларини кўрмоқда.
Ерга қадалган сифатли ғалла уруғи майса бўлиб, бўй кўрсатди. Далаларда ғаллага сув қуйиш, маҳаллий ўғит чиқариш сингари ишлар қизғин олиб борилмоқда. Сурхондарё вилояти Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши жамоаси гуруҳларга бўлиниб, фермерларга амалий ёрдам беришмоқда.
Ўрал Бобоқулов, Сурхондарё вилояти
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси
https://uza.uz/uz/posts/agrar-tarmoqda-izchil-islohotlar-davom-etmoqda_426428