18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун.
Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон ҳудудида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган.
Бугун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Кенгаш раисининг Ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари З. Мустафақулов томонидан тадбир иштирокчиларига Давлат байроғи ҳақида тушунтиришлар берилди.
Давлатимиз байроғидаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди.
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли.
Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади.
Шунингдек, Кенгаш ҳуқуқшуноси Ч.Қодиров ҳамда бошқа иштирокчилар давлат байроғи тўғрисидаги ўз фикрларини билдирди.
Тадбир якунида маърузачилар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Токи байроқ бор экан, миллат, давлат, Ватан барҳаёт. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир. Мангу мағрур ҳилпирайвер – миллат байроғи!