Фарғоналик тадбиркорлар фаолияти юқори баҳоланди 

Фарғона вилоятида тадбиркорлик субъектлари иқтисодиётнинг етакчи кучига айланмоқда. Хўш, ҳудудларда бугун уларни қандай муаммолар қийнамоқда? Фаолиятини самарали ташкил этишлари учун нималарга эътибор қаратиш керак?

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бир қатор корхоналар, тадбиркорлик субъектларидаги учрашувларда ана шу жиҳатларга эътибор қаратди.  

Партия етакчиси Қува туманидаги “Осиё бизнес ривожи” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхона ишчи-ходимлари билан мулоқот қилди. Мазкур корхонада бетон халқалар ишлаб чиқарилаётган  бўлиб, бу ерда 10 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланган.  

– Бетон халқалардан ясалган қудуқлар тупроқнинг мавсумий ҳаракати натижасида юзага келадиган оғир горизонтал ва вертикал юкларни кўтара олиши, ўрнатишнинг тез ва қулайлиги, камхаржлиги каби бир қатор афзалликларга эга. Тупроқ босимига осонгина бардош бериши, мустаҳкам ва чидамлилиги билан маҳсулотимиз ўз харидорларини топган, – дейди жамият мутахассиси Олимжон Абдуллажонов.  

Мазкур бетон халқалардан ясалган қудуқлар, унинг жойлашган жойига қараб бир қатор муҳим вазифаларни бажармоқда. Хусусан, канализация тизимидан узоқда жойлашган жойларда оқова сувларни турли элемент ва зарралардан  тозалашга, сув танқис бўлган ҳудудларда ичимлик ва суғориш таъминотини яхшилаш, қувурларни тозалашга, шунингдек, аҳоли яшаш жойларида ўрнатилган канализация сувларини тортишга хизмат қилмоқда.  

Учрашув давомида партия раҳбари томонидан масъулияти чекланган жамияти фаолиятини ва маҳсулот турларини кенгайтириш, янги иш ўринларини кўпайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.  

Актам Хаитов Риштон туманида фаолият бошлаган томорқачилик кластерлари ва аҳоли хонадонларининг томорқаларини кўздан кечирди. “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Риштон томорқачилик кластери фаолияти билан яқиндан танишди.  

Кластер томонидан 2 та 10 сотихли иссиқхона ташкил қилинган бўлиб, у ерда лимон, апелсин ва мандарин  парваришланмоқда. Кўчатлар 4 ёшга тўлган бўлиб, лимон кўчатларини ҳар бир тупидан 50-60 килограмм, мандарин ва апелсин кўчатларидан эса 40-45 килограмм ҳосил олинмоқда. Томорқачилик кластерида цитрус меваларни кўпайтириш ва аҳолини билим-кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув маркази ташкил қилинган. Ҳозирги кунда томорқа кластерида 2 та мини трактор, 10 та мотокультиватор, 2 та юк ташувчи транспорти ҳамда 500 тоннали музлатгич ташкил қилинган. Бундан ташқари, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида аҳоли хонадонларига жами 20 минг дона жўжалар етказиб берилди.  

Актам Хаитов суҳбат давомида бу каби томорқачилик кластерлари сонини ошириш, улар фаолиятини янада кенгайтириш учун субсидиялар ажратиб берилаётганлигини таъкидлади.  

“Қайрағоч” маҳалла фуқаролар йиғини томорқачиликда катта тажрибага эга. Партия етакчиси бу ердаги аҳоли билан мулоқоти давомида ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, даромадларини ошириш, иссиқхоналар ташкил қилиш ва бу жараёнда Кенгаш доимо кўмакчи бўлишини билдирди.  

Мазкур маҳаллада 538 та хонадон бўлиб, 45 гектар экин экиладиган майдонлари мавжуд. Маҳалла аҳолиси ихтисослашуви узумчилик ҳисобланади. Мазкур маҳаллада яшовчи фуқаро Адҳамжон Маҳкамов ва Рустамжон Тожалиев хонадони узоқ йиллардан бери узумчилик билан шуғулланиб келади. Хонадон соҳиблари маҳсулотларини нафақат туманнинг ўзида қўшни давлатларга ҳам сотмоқда.  

Партия раҳбари ушбу узумчиликни янада ривожлантириб, маҳсулотларни кўпроқ экспортга йўналтириш, шу орқали даромадларини ошириш борасида ўз таклифларини берди.  

 М.Сулаймонов, ЎзА

https://uza.uz/posts/424857

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram