«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси давом этмоқда

Айни кунларда юртимиз бўйлаб, дарахт экиш ойлиги давом этмоқда. Айни вақтда ҳудудларда амалга оширилаётган мавзуга доир учрашувларда Ўзбекистон фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов раҳбарлигидаги жамоа фаол иштирок этмоқда.

Ҳозирда Қашқадарё вилоятидаги фермер хўжаликларининг дала четларига 3 миллионта тут ва ток кўчатлари экилиши режалаштирилган.

Чора-тадбирларнинг изчиллигини таъминлаш мақсадида туманларда «Дала маданияти фермер даромади» шиори остида ўқув-амалий семинарлар ҳам ўтказилмоқда. Чироқчи туман Пахтакор ҳудудидаги «Мавлонов Меҳрож» фермер хўжалиги даласида ташкил этилган ана шундай тадбирда тумандаги сектор раҳбарлари, фермерлар кенгаши, фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этди.

-Унда мамлакатимизда эълон қилинган «Долзарб 45 кунлик» тадбир давомида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди, -дейди – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси М.Турдиев.- Унда кенгашимиз раиси А.Хаитов ҳам иштирок этиб, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида дарахт кўчатларини ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб танлаш, кўпроқ мевали боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берди. Ҳар бир дарахтни агротехник талаблар асосида парвариш қилиш, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантириш ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар учун жавобгарлик белгиланганлигини алоҳида таъкидлади.

Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари шу куни Қамаши туман Чим ҳудудидаги «Мираббос Фахриддинович» фермер хўжалиги даласида ҳам бўлиб, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дала маданиятига эътибор берган ҳолда фермер хўжаликлари дала четларига тут, ёнғоқ, узум, бодом каби мевали дарахтлар экишга асосий эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Вилоятнинг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб туманларида ташкил этилган илмий-амалий семинарларда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов дарахтларни экиш ва парваришлаш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлиллар асосида кўчатлар экиш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш, ҳудудларда «яшил боғлар» ва «яшил жамоат парклари»ни барпо этиш хусусида сўз юритди.

Жойларда ўтказилаётган семинарларда дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш, ҳар бир дарахтни парваришлаш учун масъул шахсларни белгилаш ва бу борада рағбатлантириш механизмларини кенг жорий этиш, жамоатчилик назоратини янада ошириш борасидаги муҳим вазифалар кенг тушунтирилди.

ЎзА

https://uza.uz/posts/417271

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram