Фермер хўжалиги йилига 310 минг долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Ҳаитов Қорақалпоғистон Республикасида ўрганишлар олиб бормоқда.

Актам Ҳаитов Нукус туманидаги фермер хўжаликлари фаолияти билан танишиш давомида “Қирантаў” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Биогумус” фермер хўжалиги фаолиятини кўздан кечирди. 

2001 йилда ташкил қилинган мазкур фермер хўжалиги 11 йилдан буён қуёшда қуритилган помидорларни қайта ишлаб чиқариш ва Европа мамлакатларига экспорт қилиш билан шуғулланади. 

Марказий Осиёда энг катта ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган ушбу хўжаликнинг маҳсулотлари экологик тоза ва халқаро стандартларга кўра сертификатланган. Бундай сертификатлар тайёр бўлган маҳсулотнинг нафақат сифатини, балки хавфсизлиги, гигиенаси, атроф-муҳит ва экологияни сақлашни кафолатлайди. 
  
Экиладиган ер майдони 60 гектарни ташкил қилиб, лойиҳа қиймати 3,041 миллиард сўм, хорижий инвестиция қиймати 100 минг доллар, экспорт қиймати йилига 310 минг долларни ташкил этади. Фермер хўжалигида 90 нафар доимий, 110 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилади. 
  
Спикер ўринбосари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари буйича ўринбосари ва тумандаги ҳоким ёрдамчилари билан ҳам учрашди. Унда Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти тўғрисида маълумотлар берилди. Мазкур қарор асосида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилаётгани бўйича тушунтирилди. 


  
М.Комилова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/fermer-xozhaligi-yiliga-310-ming-dollarlik-mahsulot-eksport-qilmoqda_415436

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram