Ўзбекистон ва АҚШ олимлари вилт касаллигига чидамли янги пахта навини кашф қилди

Сўнгги йигирма йилда Ўзбекистон ва Калифорния далаларида ғўза вилт касаллигига учраши сабаб ўсимлик қуриб қолиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда.

Бу муаммони ҳал қилиш, ғўза етиштираётган фермерларга кўмак бериш мақсадида АҚШ ва Ўзбекистонлик олимлар биргаликда изланиш олиб бормоқда. Бунда ғўзанинг замбуруғга чидамлилигини ошириш масаласида тадқиқот қилинди.

“Ўзбекистонлик олимлар ва АҚШ тадқиқотчилари касалликка чидамли навларни чатиштириш орқали вилтга чидамли пахта навини яратишга эришди. Ҳаракатларимиз зое кетмади”, деди АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг генетик-тадқиқотчиси Маурисио Уллоа.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мазкур тадқиқотларда Ўзбекистон ФА Геномика ва биоинформатика маркази олимлари иштирок этган ва бу Америка ўсимликшунослик жамиятининг “Journal of Plant Registrations” илмий нашрида чоп этилган.

Тадқиқотчилар чатиштириш орқали пахтанинг янги линиялар гермплазмасини яратди. Гермплазма яна генетик ресурс ҳам деб аталади ва у селекционерларга қишлоқ хўжалиги экинлари навларини кенгайтиришга ёрдам беради.

Учта янги линия – PSSJ-FRP01, PSSJ-FRP02 ва PSSJ-FRP03 – вилт касаллигига чидамлилигини намоён этди. Уларнинг ҳар бири турли характерга эга бўлишига қарамай, касалликка чидамлилиги ва тола сифатининг яхшилиги билан ажралиб туради.

Вилт замбуруғи одатда ўсимликнинг илдизига зарар етказиб, пояси ва баргларини қуритади, ҳосилни нобуд қилади.
Мазкур янги линиялар генетик ресурс бўлиб, олимларимиз улардан янги нав олиш устида ҳам ишламоқдалар. Геномика ва биоинформатика маркази олимлари ҳозирда мазкур линиялардан олинган «Матонат» деб номланиши кутилаётган навни синовдан ўтказмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-va-aqsh-olimlari-vilt-kasalligiga-chidamli-yangi-paxta-navini-kashf-qildi_414067

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram