Экология тизимига зарар етказмасдан аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мумкинми?

Бутун дунёда кундан-кунга долзарб бўлиб бораётган муаммолардан бири – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги (ФАО) ташкилоти 2021 йил 23 сентябрда ер юзи аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш йўналишларига бағишланган «2021 Food Summit” халқаро тадбири бўлиб ўтди.

Саммитда “мавжуд ер юзи экология тизимига зарар етказмасдан дунё аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш мумкинми?” деган саволга жавоб топиш асосий масала бўлди. Саммитда 148 та мамлакатдан билдирилган 2 мингдан ортиқ таклифлар муҳокама қилинди.

БМТнинг «Барқарор ривожланиш -2» (Очликни тугатиш) дастурида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва овқатланиш тизимини яхшилаш – очликни тугатишнинг асосий механизми сифатида эътироф этилган. 

Ўзбекистон ЯИМнинг 32 фоизини қишлоқ хўжалиги соҳаси ташкил қилиб, ушбу дастур бажарилиши аҳолини ўз эгалигидаги томорқа ерларидан унумли фойдаланиш ва маҳсулот етиштириш самарадорлигини ошириш орқали сифатли озиқ-овқат етиштиришни йўлга қўйиш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 30 июнда “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур қарор билан:

  • аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун «Томорқа хизмати» МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиш;
  • «Томорқа хизмати» МЧЖлар кузатув кенгашлари таркибига, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси аъзо бўлиб киришлари;
  • аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш, маҳсулотларни сотишни ташкил қилиш учун вилоятлар ва туман (шаҳар)лар марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум пунктларида «Томорқа хизмати» МЧЖлар учун махсус савдо майдонларини ажратиш тизими йўлга қўйилди.

Қарорда белгиланган муҳим масалалардан яна бири – мулкдорлик ҳисси ва назоратини ошириш мақсадида Ўзбекистон деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кластер усулида фаолият юритадиган «Томорқа хизмати» МЧЖларга 3 йил муддатга кредит бериш ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш белгиланишидир. 

Шунингдек, аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совитгичлар барпо этишни молиялаштириш механизми ҳам йўлга қўйилди.

Тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача микрокредитлар ажратиш механизми жорий этилди.

Ўзбекистон деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қарор ижросини таъминлаш учун “Томорқа хизмати” МЧЖларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун жами 378,1 млрд. сўм пул маблағлари ажратилган. 

Ушбу маблағларнинг 310,3 млрд. сўми томорқа ер эгаларига, 10,2 млрд. сўми фермер ва деҳқон хўжаликларига, 4 млрд. сўми “Томорқа хизмати” ва бошқа масъулияти чекланган жамиятларга, 1 млрд. сўми қишлоқ хўжалиги кооперативларига имтиёзли кредит сифатида ажратилган бўлиб, маблағларнинг 7,7 млрд. сўми томорқа хизмати корхоналари устав фондига Жамғарма улуши сифатида сифатида киритилган.

Тарғибот ишлари ҳисобига томорқа ер эгалари, фермер хўжаликлари, “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги кооперативларига ажратилган маблағлар 2021 йилнинг мос даврига 217,8 млрд. сўм кўпайган. Бу ҳолат аҳолининг ўз томорқа ерларидан фойдаланишга бўлган қизиқишлари ортишини ифодалайди. 

Ҳудудлар кесими бўйича амалга оширилган таҳлиллар ушбу йўналишдаги энг юқори натижа Андижон вилоятида (4,8 баробар), Қашқадарё вилоятида (4,7 баробар), Бухоро вилоятида (3,6 баробар) ошганлигини кўрсатмоқда.

Жамғарма томонидан ажратилган маблағлари ҳисобидан 2022 йил ўтган даври мобайнида 2389 та хонадонда жами 38,3 гектар майдонда иссиқхона, 2955 та хонадон томонидан 52 мингдан ортиқ зотдор қўй, 889 та хонадон эса 3 мингдан ортиқ қорамол, 1992 та хонадон 330 мингдан ортиқ зотдор парранда, 531 та хонадон 9800дан ортиқ асалари қутилари, 101 та хонадон 8,5 мингдан ортиқ қуён харид қилган.

Шунингдек, 786 нафар томорқа ер эгаси томонидан 17,1 млрд. сўмлик кўчат ва уруғлар сотиб олинган бўлса, 121 нафар томорқа ер эгаси боғ ва токзор ташкил этиш учун 2,8 млрд. сўмлик кредит олган.

Кичик ер эгалари ер майдонларига ишлов бериш тизимини йўлга қўйиш мақсадида 204 та фуқаро томонидан салкам 500 та мотокультиватор сотиб олинган. Ажратилган кредитлар натижасида жорий йилнинг 1-ярим йиллигида жами 11 800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланади. Ҳозирда республикамизда аграр тармоқ учун ажратиладиган маблағлар миқдори давлат томонидан ривожланган мамлакатларга нисбатан 2-3 баробар кўпдир. 

Бироқ, ушбу маблағлар тўғри ва мақсадли йўналтириляпти, деб бўлмайди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш имкониятлари юқори.

Ривожланган давлатлар, хусусан, Туркияда 1 гектар ердан 2 минг, Мисрда 8 минг, Исроилда 12 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, ушбу кўрсаткич Ўзбекистонда 300 доллардан ошмайди.

Олимлар ва мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатимиз 20 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятига эга. Бунинг учун 1 гектар ердан камида 10 минг долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш талаб этилади

Экспорт учун қулай бозорлар кам эмас. Масалан, дунё бозорида бодомнинг йиллик импорт ҳажми салкам 3 миллиард долларни, гилос ва олчаники 2 миллиард долларни, пистаники эса 1,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу орқали 2025 йилгача экспорт ҳажмини йилига 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.

Халқаро стандартларга мос маҳсулот жаҳон бозорига чиқишнинг энг асосий воситасидир. Шу сабабли Европа Иттифоқи, Хитой, Жанубий Корея, Туркия ва араб мамлакатлари стандартлари асосида маҳсулотларни сертификатлаш тизимини жорий этиш зарур. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 70 фоизи томорқа хўжаликларида етиштирилади.

Ўзбекистон деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга хизмат қилади.

Д.Раҳимбердиева, 

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва 

томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ходими

https://uza.uz/uz/posts/ekologiya-tizimiga-zarar-etkazmasdan-aholini-oziq-ovqat-mahsulotlari-bilan-taminlash-mumkinmi_412508

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram