«Бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойили амалда

Нурота туманидаги «Азим-ота» фермер хўжалиги 2000 йилда 20 гектар майдонда ташкил этилган. Аввалига ғаллачилик ва чорвачиликка ихтисослашган хўжалик вақт ўтиб, кўп тармоқлига «Нурота томорқа хизмати» МЧЖга айлантирилди.

Хўжаликнинг кластер лойиҳасида 12 та йўналиш белгиланган бўлиб, қиймати 5,9 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 1,8 миллиард сўми хўжалик маблағидан қопланди.

2020 йилда ушбу лойиҳа учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш Жамғармасидан 3 йил муддатга 4,1 миллиард сўм имтиёзли кредит берилди. Ҳудудда сув таъминоти оғирлиги инобатга олиниб, Хитойдан бурғулаш техникаси харид қилинди. Натижада 2020-2022 йилларда 95 та катта ва кичик ҳажмдаги артезиан қудуқлар қазилиб 1850 та хонадоннинг 190 гектар майдонини сув билан таъминлашга эришилди.

Корхона 1500 дан ортиқ хонадонга шартнома асосида сифатли уруғлар (100 тонна картошка уруғи) ва кўчатлар (500 минг дона ток ва мевали кўчатлар) етказиб берди. Ушбу уруғликлардан етиштириладиган маҳсулотларни аҳолидан қайта сотиб олиш учун 300 тонналик сиғимли замонавий музлаткич-юк сақлаш омборхонаси ишга туширилди. Шунингдек, аҳоли томорқаларидан қабул қилинган маҳсулотларни қайта ишлаш ва қуритиш мақсадида Хитойдан мевани саралаш, қуритиш ускунаси олиб келинди.

–Тумандаги талабгор фуқароларнинг 121 нафарига ихчам иссиқхоналар қуриб бердик, –дейди «Нурота томорқа кластери» раҳбари Илҳом Самиев. – Инкубацияда етиштирилган жўжаларни аҳолига тарқатиш йўлга қўйилиб, 61 нафар фуқарога ўртача 100 тадан жўжа ва унинг озуқаси тарқатилди. Шунингдек, 2023 йил ҳосили учун август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз экинларини экишда иштирок этди. Тумандаги 14725 та хонадонга 275 гектар пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари етказиб берилди. 20 гектарда боғ ташкил қилдик.

Қайд этиш керакки, Нурота туманида 2022 йилда янгидан ташкил этилган 105 та деҳқон хўжалиги ва ўз томорқасидан ўртача 3 мартагача ҳосил олиб келаётган илғор намунали томорқачилар иштирокида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини ўқитиш ва деҳқончиликда малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди. Унда 1830 та томорқа ер эгалари ўқитилди.

Хўжаликнинг келгусида ҳам бир қатор истиқболли режалар ишлаб чиққан. Улар тумандаги аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш учун яратилган чексиз имкониятлардан унумли фойдаланиб, фақатгина инсон омилига боғлиқ, «ҳаракатда-баракот» шиорига амал қилиб фаолият юритишмоқда. «Бир маҳалла-бир маҳсулот», «бир контур-бир маҳсулот» тамойили асосида ўртача 3 марта ҳосил олишни йўлга қўйишга бел боғлашган. Бунда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерларга камарбаста бўлмоқда.

Умирзоқ Раҳматов,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи

https://uza.uz/uz/posts/bir-mahalla-bir-mahsulot-tamoyili-amalda_410813

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram