А.Хайитов: дринаж қудуқлар учун бериладиган маблағ миқдори ошади

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳайитов Касби туманида бўлиб, «Хўжақарлиқ» ва «Ғалаба» МФЙлардаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари билан учрашди.

Сайёр қабулда МФЙларда тайинланган ҳоким ёрдамчиларининг вазифаси халқни қийнаётган муаммоларни ечиш, ногиронлиги бор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни рўйхатга олиш ва уларга кўмаклашиш эканлиги қайд этилди. Хўжақарлик маҳалласида яшовчи саксон нафардан ортиқ фуқаролар Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрда қабул қилинган қарорига асосан 0.25 сотихдан ер олиб, деҳқон хўжалиги ташкил этишгани, бироқ уларда сув муаммо бўлаётганини билдиришди. А.Хайитов уларнинг шикоятини Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари билан биргаликда ҳал қилди. Энди томорқаларга етарлича оби-ҳаёт келиши шубҳасиз.

Ғалаба МФЙда яшовчи Дилрабо Боймуродова оиласи ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини айтиб, ғалладан бўшаган майдонлардан 1 гектар ажратиб берилса, сабзи етиштиришини билдирди. Мурожаатчининг истаги амалга оширилди.

Қайд этиш керакки, Касби туманида 2022-2025 йилларда аҳолига 3570 гектар ер ажратилиши режалаштирилган. Деҳқон хўжалиги ташкил қилиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 1428 гектар ер ажратилиб, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. 2023 йилда 883 гектар, 2024 йил 694 гектар ва 2025 йилда 565 гектар ер пахта ва ғалладан қисқартирилиб, кам таъминланган оилаларга берилиши белгиланган.

Сайёр қабулда ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув билан таъминлаш даражасини янада яхшилаш учун 38 та дринаж қудуқ Кенгаш ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан қазиб берилиши маълум қилинди. А.Ҳайитов янги деҳқон хўжаликларига катта тик дринаж қудуқ қазиб бериш учун талаб кетадиган маблағларни 120 миллион сўмдан 150 миллион сўмга ошириш таклифини айтиб, бир ой ичида ижросини таъминлашга ваъда берди.

А.Хайитов сайёр қабулдан сўнг Ғалаба ММТП ҳудудидаги «Ферузбек Ҳақберди ўғли» фермер хўжалигининг фаолияти билан танишди. Ғалладан бўшаган майдонларга экилган такрорий экинлар кўздан кечирилди. «Темир дафтар»га киритилган кам таъминланган оилалар билан суҳбатлашди. Улар эккан қовун-тарвуз ҳосилини кўриб ердан камида икки уч маротаба ҳосил олиш кераклиги, алмашлаб экишнинг фойдаси ҳақида сўзлаб, бериладиган имтиёзларни санаб ўтди.

Кейинги манзил ИИБ секторига қарашли «Мардонов Йўлдош» фермер хўжалиги раҳбари Йўлдош Мардонов 11 нафар ёш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан суҳбатлашиб, муаммоларни шу жойида бартараф этди. «Мардонов Йўлдош» фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган майдоннинг 5.5 гектари 0.50 сотихдан бўлиб берилиб барча агротехник тадбирлари ўтказилиб сифатли сабзи уруғи экиб берилганлигини кўздан кечирди.

Қайд этиш керакки, 4800 гектар ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот ва полиз маҳсулотлари экилиши режалаштирилган. Шундан 875 гектар сабзавот, 150 гектар полиз 2992 гектар озуқабоп, 783 гектар чорвачиликни ривожлантириш учун тариқ экилганлиги, бу майдонларни суғориш учун катта ва кичик дринаж қудуқлар ковлаб, кенгаш ходимлари назорат қилиши алоҳида қайд этилди.

С.Насафий ММТП ҳудудидаги «Жамшид Холмирзо ўғли» фермер хўжалигида ташкил этилган 24 та деҳқон хўжалиги раҳбарлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Уларга очиқ электрон танлов асосида ажратилган ерларда амалга ошириладиган лойиҳаларни комплекс мониторинг қилиш, жумладан ажратилган ер майдонининг ҳолати, зарур агротехник тадбирлар, экинларни ҳимоя қилиш ва ўғитлаш ишларининг ўтказилиши, маҳаллий ҳокимлик томонидан зарур инфратузилма билан таъминланганлиги, ер балл бонитети, экиладиган маҳсулотнинг униб чиқиши, ҳосилдорлик, табиат омиллари таъсири ва бошқа индикаторларга асосан ижарачиларни таснифлаш («яхши», «ўрта», «ёмон») тартибини назарда тутган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги қарорлар борасида тушунтиришлар берилди.

ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/ahayitov-drinazh-quduqlar-uchun-beriladigan-mablag-miqdori-oshadi_391546

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram