Ҳокимнинг қарори бўйича даъво аризалари тайёрланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб судга давлат божи тўламасдан даъво аризалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар тақдим этиш мумкинлиги белгиланган.

Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермерларимиз билан тезкор мулоқот ўрнатиш, муаммоларини аниқлаш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида ижтимоий тармоқларда “FERMER MINBARI” телеграм гуруҳини ташкил этган эди. Ўтган қисқа вақт давомида мазкур гуруҳга кўплаб мурожаатлар, шикоятлар ва саволлар келиб тушди. Улардан бири Паяриқлик фермерларнинг шикояти бўлиб, унда Паяриқ тумандаги «Яшил диёр» ММТП ҳудудидаги бир гуруҳ фермер хўжаликларининг ер майдонлари Паяриқ туман ҳокимининг қарори билан ноқонуний равишда “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖ кластер корхонасига олиб берилганлиги баён қилинган.

Ушбу ҳолат Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, Паяриқ тумандаги «Яшил диёр» ММТП ҳудудидаги бир гуруҳ фермер хўжаликлари, жумладан «Исломжон агросервис», «Тоғдаги лолазор», «Мадина Миришкор даласи», «Самад тиркаш даласи» ва «Гулистон серқуёш даласи» фермер хўжаликларининг пахта-ғаллачилик йўналишида ер майдонлари Паяриқ туман ҳокимининг 2019 йилнинг 25 январдаги 294-К-сон қарори билан ноқонуний равишда “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖ кластер корхонасига олиб берилган.

Паяриқ туман ҳокимининг ушбу қарори қабул қилингунга қадар юқорида номлари кўрсатилган фермер хўжаликлари раҳбарларининг ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёзма равишда розилик аризалари олинмаганлиги ва туман ҳокимлиги билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган ер ижара шартномаси бекор қилинмаганлиги аниқланган. Ваҳоланки, Ер кодексининг 36-моддасига кўра, фермер хўжалигининг ер майдони ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда ёки суд қарорига кўра олиб қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман бўлими 2022 йилнинг 24 июнь куни Самарқанд туманлараро маъмурий судига «Исломжон агросервис», «Тоғдаги лолазор», «Мадина Миришкор даласи», «Самад тиркаш даласи» ва «Гулистон серқуёш даласи» каби фермер хўжаликларининг ер майдонларини “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖга ажратиб бериш ҳақидаги Паяриқ туман ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги 294-К-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида даъво аризалари киритди.

Ҳозирда Паяриқ туманидаги яна 10 нафар фермер хўжалигининг ер майдонларини “Samarqand Cotton Cluster SCC” МЧЖга ажратиб бериш ҳақидаги Паяриқ туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида даъво аризалари тайёрланмоқда.

Зафар Мустафақулов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари

https://uza.uz/uz/posts/hokimning-qarori-boyicha-davo-arizalari-tayyorlanmoqda_385757

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram