Омборларда ун маҳсулотлари етарли даражада ва уннинг танқислиги бўйича муаммо мавжуд эмас
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” АК ҳамда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан жорий йил июнь ойида жами 170 минг тонна унни биржа савдоларига қўйиш графиги тасдиқланди.
Мазкур графикка кўра, 44 та “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги республикамиз ҳудудларида фаолият кўрсатаётган донни қайта ишлаш корхоналари томонидан жорий йил 1 июнидан бошлаб унни биржа савдоларига кунлик 10 минг тонна ҳажмда қўйиб келинмоқда.
2022 йилнинг 1 июнидан бошлаб, ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниб, бу жараёнда шаффоф тизим яратилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан биржа савдоларида харидорларга кенг имкониятлар яратиш, нархларнинг кескин ошиши, биржа савдоларида сунъий танқислик келтириб чиқариш, нархлар манипуляцияси ва бошқа салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида буғдой унининг биржа савдоларида сотилишида жорий йил 1 июндан бошлаб қўйидаги вақтинчалик тартиб ўрнатилди.
Фақат спот шартномалари асосида 1 тоннадан ошмаган лотларда барчаси эрталабки (биринчи) савдо сессиясига қўйилиши таъминланди. Биржа шартномалари бўйича аванс (закалат) миқдори 10 фоиз этиб белгиланди. Бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган маҳсулот ҳажмларининг максимал миқдори “Тошкент-нон” уюшмасидаги нон ишлаб чиқарувилар учун 20 тонна, бошқа ишлаб чиқарувилар учун 3 тонна миқдорида (лимит) белгиланди.
1-3 июнь кунлари биржа савдоларига (кунлик 10 минг тн.) нон ва бошқа ун маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни узлуксиз ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида биржа томонидан 4 июнь куни ҳам биржа савдолари ташкил этилиб кунлик 7 минг 585 тонна ун қўйилиб, шундан 6 минг 878 тонна ёки 91 фоиз сотилди. Ўртача бошланғич нарх 4 минг 241 сўм, харид нархи 4 кун давомида ўртача 4 минг 523 сўмни ташкил этган.
Яна бир маълумот. 1-4 июнь кунлари давомида биржа савдоларида сотилган 34 минг 312 тонна ун маҳсулотининг 51 фоизи ёки 17 минг 609 тоннаси харидорлар томонидан олиб кетилган бўлиб, қолган 16 минг 703 тоннаси ҳали олинмаган. Бундан дарак шуки, нон ва бошқа ун маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг омборларида ишлаб чиқариш учун керак бўлган ун маҳсулотлари етарли даражада ва уннинг танқислиги бўйича муаммо мавжуд эмас.
Биржа савдоларида шаклланган нархлардан келиб чиқиб, қолипли нон таннархи ўртача ҳисобланганда битта 600 граммлик буханка ишлаб чиқариш ва уни дўконларга етказиб беришнинг таннархи ўртача 2 минг 600 сўмга тушмоқда.
– Бу нархнинг ичида ун 1 минг 641 сўм (63 фоиз), 4 сўмлик туз, 18 сўмлик ўсимлик ёғи, 38 сўмлик ачитқи, 37 сўм ун ташиш харажатларига тўғри келади, – дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Назрулла Ортиқов. – Қолгани нонни пишириш учун газ, электр сарфи, ишчиларга тўланадиган иш ҳақи, нонни савдо дўконига етказиб бериш харажатлари, солиқлар ва корхона фойда нормаси. Бу ўртача шартли ҳисоб-китоблар. Нон комбинатларида технология ва энергия тежамкорлиги каби омиллар ҳисобига таннарх баландроқ ёки пастроқ бўлиши мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳудудларда сотилаётган ун ва қолипли ноннинг ўртача нархлари мониторинг қилиб борилмоқда. Мисол учун, Бухоро вилоятида маҳаллий буғдойдан ишлаб чиқарилган унинг ўртача нархи 5200 сўмдан 6000 сўмгача, қолипли ноннинг нархи эса 2500 сўмдан 2800 сўмгача, Сурхондарё вилоятида ун нархи 4800-5500 сўмгача, нон нархи 2200-2800 сўмни, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида эса ун 4400-5600 сўмни, нон нархи 2800 сўмни ташкил этмоқда.
Аввалги йилларда етиштирилган буғдой учун фермерларга давлат тўлаган нархлар кўп ҳолатларда уларнинг ҳатто харажатларини ҳам қопламаган. Давлатга дон топшириш режасини бажарганига қарамай, ортиқча етиштирилган буғдой давлат томонидан белгиланган нархларда дон ишлаб чиқарувчи корхоналарга топширилган.
Ҳосил учун бозор нархида тўлов қилиниши юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатларга чек қўйиши, деҳқон ортиқча етиштирган ғалласини ихтиёрий равишда биржага чиқаришдан манфаатдор бўлиши айтиб ўтилган.
Қайд этиш жоиз, ҳар ким ўз эҳтиёжига яраша маҳсулот харид қилса, талабдаги кескинлик пасаяди ва ҳаммаси ўз изига тушади. Озиқ-овқат маҳсулотларини ортиқча ғамлаб қўйиб, келгусида уларнинг қимматроқ нархда сотилиши асосан республикамизнинг ижтимоий муҳтож қатламларига ўз салбий таъсирини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА