Фермер ва кластерлар буғдойнинг ҳақиқий эгасига айланиши ғаллачилик ривожи учун улкан имкониятлар яратади
Халқимиз, давлатимиз Янги Ўзбекистон пойдеворини жадаллик билан бунёд этмоқда. Барча соҳа ва тармоқлар Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили асосида тубдан ислоҳ қилиняпти.
Янги Ўзбекистон, энг аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Шу боис мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қуриляпти, бозор механизмлари тизимли жорий этиляпти.
Хусусан, кейинги йилларда республикамиз қишлоқ хўжалигига бозор иқтисодиётига хос ёндашув ва моддий рағбатлантириш механизмлари жорий этилиши бошланди. Аграр секторни ялпи ва тизимли трансформация қилишдан кўзланган мақсад эса соҳа самарадорлигини ошириш, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашдир.
Кеча Президентимиз ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳам мазкур йўналишдаги ислоҳотлар доимий диққат марказида эканини англатади.
Мажлисда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш маслалари муҳокама қилинди.
Тармоқда эришилган ижобий натижалар билан бирга камчиликлар ҳам очиқ-ошкора айтилгани эътиборга молик.
Давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаётгани қайд этилди. Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганлиги билдирилди.
Давлатимиз раҳбари барча зарур ташкилий ишлар ҳал қилинган ҳолда, 1 июндан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишини маълум қилди.
Бу ғаллакорларимизни ғоят қувонтирган, руҳлантирган янгилик бўлди. Чунки ғалла биржа савдолари орқали бозор нархида сотилса, фермерлар даромади анчагина ортади. Давлат буюртмаси бекор қилиниб, тўлиқ бозор механизмларининг жорий этилаётганидан деҳқонларимиз манфаатдор. Улар меҳнатига яраша фойда олса, экинларни парваришлашга қизиқиш ва интилиши кучайиб боради. Замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, илғор технологиялар харид қилиши имконияти кенгаяди. Аён бўляптики, ер эгалари манфаатдорлиги кучайиши ҳосилдорлик ошишига, ер ҳолати яхшиланишига пухта замин яратади. Шунингдек, ғалла импорти камайишига эришилади, валюта иқтисод қилинади. Айтиш керакки, етиштирилаётган донни эркин нархларда сотиш деҳқонларнинг кўп йиллик орзуси эди.
Эндиликда фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилади. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.
Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади.
– Буғдойнинг ҳақиқий эгаси, бу – фермер ва кластерлар, – деди давлат раҳбари йиғилишда. – Бундан буён, туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда
ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади. Биржа орқали сотилган буғдойга ҳудудлараро чеклов қўйилмайди.
Мажлисда тизим унумдорлигини оширишга қаратилган талай чора-тадбирлар, вазифалар белгиланди.
Мазкур чора-тадбирларнинг зарурати, аҳамиятини равшанроқ тасаввур қилиш учун баъзи фактларга диққат қаратайлик. Мустақиллик даврида, яъни, салкам 31 йил мобайнида Ўзбекистон аҳолиси 15 миллиондан зиёдга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси сонига тенг. Одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари ҳам узлуксиз ошяпти. Ер, сув каби ресурсларимиз эса кўпаймайди, улар чекланган. Президентимиз ташаббуси билан ғаллачиликда жорий қилинаётган ўзгаришлар янги имкониятларни ишга солиш, иш сифати ва унумдорлигини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун улкан имкониятлар яратади.
Актам ХАИТОВ,
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси раиси
https://uzlidep.uz/news-of-party/12160