Биогумус тайёрлашга маблағлар ажратилмоқда
Йилнинг исталган вақтида дастурхонимизни мева-сабзавотларсиз тасаввур эта олмаймиз. Ушбу маҳсулотлар эса ўзидан-ўзи пишиб етилмаслиги, уларни етиштириш, бозорларга йил давомида узлуксиз етказиб бериш ҳам жиддий билим ва тайёргарликни талаб этади.
Қорақалпоғистон Республикасининг тупроқ иқлими деҳқонлардан ўзига хос машаққат талаб этиши, ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга интиладиган томорқачилар бошқа ҳудудларда бўлгани каби Тўрткўл туманида ҳам бисёр. «Ўзбекистон» маҳалласида яшовчи Ҳамиджон Кенжаев 00,5 сотих томорқада маҳсулот етиштирмоқда. Унинг 00,1 сотихида иссиқхона барпо этилган. 00,2 сотихда эса пиёз, картошка, сабзи, бақлажон, булғор қалампири каби озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланмоқда.
Бундан ташқари «Ризамат ота», «Тойфи», «Ҳусайни», «Келин бармоқ» каби узум навлари войиш усулида экилган бўлиб, ўрик, олма, шафтоли, анор, нок, беҳи, унаби каби мевали кўчатлар етиштириш ҳам йўлга қўйилган.
–«Ўзбекистон» маҳалласида қарийб уч ярим минг хонадоннинг уч минг юзтасида иссиқхона барпо этилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассиси Умирзоқ Раҳматов.– Ушбу иссиқхоналарда етиштирилган мева-сабзавот ниҳоллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларига етказиб берилмоқда.
Энг муҳими томорқа эгалари ердан унумли фойдаланиш, юқори ҳосил олишда нархи қимматлашиб бораётган минерал ўғитларнинг ўрнига илғор инновацияларни қўллашмоқда. Мўл ҳосил олиш истагидаги томорқачилар ўз ҳудудларида биогумус ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқчи. Шу сабабли Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошидаги жамғарма маблағлари ҳисобидан ташаббус билан чиққан тадбиркор Ҳамиджон Кенжаевга биогумус ишлаб чиқаришини 150 квадрат майдонда янада кенгайтириб, 4 та иш ўрин яратиши учун 300 миллион сўм ажратиладиган бўлади.
Қайд этиш керакки, ишлаб чиқарилган биогумус маҳсулоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 23 ноябрида қабул қилинган қарорига асосан «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва ишсиз ёшларга 10 йилгача ажратилган янгидан ташкил этилган деҳқон хўжаликларининг ҳосилдорлигини табиий ўғитлар билан оширишда қўлланилади.
https://uza.uz/uz/posts/biogumus-tayyorlashga-mablaglar-azhratilmoqda_371889