Манзилли рўйхати шакллантирилди
Омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг бир қисмига субсидия бериладиган тадбиркорлик субъектларининг 2022 йилдаги манзилли рўйхати шакллантирилди
Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, замонавий бозор иқтисодиёти шароитида миллий иқтисодиётнинг биронта соҳа ёки тармоғи давлатнинг бевосита иштирокисиз ривожланмайди. Айниқса, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, шу билан бирга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда шу орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш муаммоларининг ечимида давлатнинг амалий ёрдамига эҳтиёж сезиларли даражада юқори бўлади.
Қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришини рағбатлантириш мақсадида кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг турли йўналишлари қўлланилмоқда. Бу йўналишда 2022 йилдан бошлаб давлат томонидан томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналаринихарид қилганда харажатларнинг бир қисмини субсидия ҳисобидан қоплаб бериш тизими жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-54-сон қарорига кўра, томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ташкил этиладиган кооперацияларга омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари келтириш жараёнини субсидия ажратиш орқали қўллаб-қувватлаш белгиланган.
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Томорқа хўжаликларида етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 81-сон қарори билан “Томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, саралашва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг бир қисмига субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ 2022 йилдан бошлаб томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 150 млн сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда субсидия берилиши жорий қилинди.
Субсидия – давлат бюджети маблағлари ёки махсус жамғармалар ҳисобидан муайян мақсадлар учун жисмоний ва юридик шахсларгабериладиган пул маблағи ёки натура шаклидаги ёрдам. Субсидия давлат томонидан аниқ ижтимоий мақсадларни кўзда тутиб, қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади. Субсидиялар иқтисодиётни диверсификациялаш (таркибан ўзгартириш), экспорт-импортни мувозанатлаштириш, фан-техника янгиликларини ўзлаштиришни йўлга қўйиш, миллий саноатни ўстириш, айрим ҳудудларни ва тармоқларни ривожлантириш ва бошқа мақсадларда ажратилади. Давлатнинг иқтисодий дастурларида иштирок этадиган корхоналар ҳам субсидия маблағларини олиши мумкин.
Бугунги кунда республикамиздаги қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг ўлкан имкониятларидан фойдаланиш самарадорлиги ошириш учун давлат бош ислоҳотчи сифатида унинг кўмагига таянилиши бор гап.
Кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектлари – томорқа ер эгалари билан томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш, уларга турли томорқа хизматларини кўрсатиш учун ихтиёрийлик асосида тузилган шартномага мувофиқ ҳамкорликда иш ташкил этган тадбиркорлик субъектлари (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчи кооперативлари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар ва бошқалар) ҳисобланади.
Низом талабига кўра белгиланган тартибда томорқа ер эгалари билан томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харидини ташкил этиб, республика ҳудудида кооперация асосида иш ташкил қилган манзилли рўйхатга киритилган тадбиркорлик субъектлари, “Томорқа хизмати” МЧЖлар субсидия олувчилар бўлиши мумкин. Бунда талабгор манзилли рўйхатга кириш учун аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки бевосита Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” давлат муассасасининг ахборот тизимига кириш орқали юборади. Талабгор аризани электрон тарзда календарь йилнинг 1 апрелига қадар юбориши шарт. Талабгор аризага кооперация асосида ишни ташкил этганлигини тасдиқловчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман (шаҳар) кенгаши ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг тавсияномасини илова қилади.
Қарор ижросидан келиб чиқиб, ҳудудлардан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан иловага жами 35 та талабгорларнинг манзилли рўйхатлари тақдим этилди. Мазкур манзилли рўйхатга мувофиқ, томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этган тадбиркорлик субъектларига омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш учун талаб этиладиган жами маблағ 25,21 млрд.сўм, шундан ўз маблағлари ҳисобидан 19,86 млрд.сўм, субсидия ҳисобидан 5,25 млрд.сўм зарурлиги аниқланди.
Субсидия маблағлари Кенгаш ҳузуридаги жамғарма томонидан берилади. Жамғармага омборхоналарни жиҳозлаш, шунингдек, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 2023-2025 йиллар давомида Давлат бюджетидан маблағ йўналтирилади.
Субсидия олувчиларга қуйидаги талаблар белгиланган:− давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлиши;− томорқа ер эгалари билан кооперация асосида иш ташкил этганлиги;− фаолиятини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган эгалик ёки бошқа мулкий ҳуқуқ, шунингдек, ижара ҳуқуқи асосида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқариш бино ва иншоотларига ҳамда зарур техник-технологик воситаларга эга бўлиши;− омборхоналарни жиҳозлаш ишлари, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари хариди талабгорнинг субсидия олишда манзилли рўйхатга киритиш учун ариза берган санадан кейин амалга оширилган бўлишлиги.
Шу билан бирга субсидия олувчида омборхоналарни жиҳозлаш, сотиб олинаётган қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари хариди бўйича тузилган шартномалар юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан берилган хулоса бўлиши ҳам талаб этилади.
Мазкур субсидия ажратиш бўйича имтиёзнинг қўлланилиши томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва унда етиштирилганмаҳсулотларни кафолатли харидини таъминлашга хизмат қилади.
Аббос МАДИЕВ,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи