Томорқадан бошланган меҳнат ўқув марказига бошлади
Бугунги кунда томорқа нафақат оила аъзоларнинг эҳтиёжларини қондириш, балки қўшимча даромад манбаи ҳамдир. Ундан самарали фойдаланаётган оиланинг дастурхони доимо тўкин, турмуши фаровон бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ҳам томорқа –кони фойда эканини англаб етган деҳқонлар кўпчиликни ташкил қилади. Анвар Рўзимбетовлар оиласи –улардан бири. Оила 30 сотих томорқада бир нечта ихчам иссиқхоналар барпо этган. Бирида бодринг ҳосили йиғилгандан кейин иккинчи ҳосил учун аччиқ қалампир экилса, бошқасида лимон экилган бўлиб, дарахт ораларига булғор қалампири экилган. Бошқаси эса кўчат етиштиришга мўлжалланган бўлиб, помидор, бодринг, булғор қалампири, карам ниҳоллари тайёрланмоқда.
Шу кунларда кўчатхона ҳисобидан оиланинг кунлик даромади 300-500 минг атрофида бўлмоқда.
А. Рўзимбетовлар оиласи иссиқхонада интенсив усулда балиқ боқишни ҳам синовдан ўтказмоқда.
– Кичик ҳовузлардаги сувнинг иссиқ туриши натижасида бир йилда икки марта, яъни икки сотих ерда 10 тоннагача балиқ етиштириш мумкин экан, – дейди Анвар Рўзимбетов. – Бундан ташқари кичикроқ жойда тажриба тариқасида биогомус ўғитини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Озроқ очиқ еримизда картошка, пиёз, карам, помидор, бақлажон етиштирамиз ва бунда биогомусдан фойдаланяпмиз.
Хонадоннинг олди қисмида сўриток усулида 20Х5 схемада 30 туп қора кишмиш узумлари ҳосилга кирган. Ўрик, олма, гилос каби мевали дарахтлар ҳосили оила дастурхонини тўкин қилмоқда.
Шу тариқа оила аъзолари ўз томорқасида доимий банд бўлиши, экинларни кетма-кет экиб, ҳосил йиғиши эвазига ўтган йили соф фойда 150 миллион сўмга етди.
Иссиқхонада етиштирилган ҳосилни узоқроқ сақлаш, бошқаларга ҳам хизмат кўрсатиш мақсадида маҳсулот сақловчи музлатгич омбори ҳам ишлаб турибди.
–Томорқамизда олиб борган ишларимиз натижасида жуда кўп тажриба йиғдик, –дейди А.Рўзимбетов.–Мўл ҳосил олиш мақсадида олимлар билан кўп бора суҳбатлашиб, маслаҳатлашиб тураман. Ана шу билимларимни томорқа билан шуғулланиш истагидаги ёшларга ҳам ўргатишни мақсад қилиб қўйган эдим. Яқинда ўқув маркази ташкил қилдим. Томорқачиликка қизиқадиган ёшларга деҳқончилик сирларини ўргатиб келмоқдаман.
Сен ерни боқсанг, ер сени боқади, нақли бежизга айтилмаган. Уста деҳқон Анвар Рўзимбетов бунга фаолияти давомида ўзи гувоҳ бўлмоқда. Келгусида ердан янада унумли фойдаланиш мақсадида кўплаб режалар тузмоқда. Таклифлар бермоқда. Мисол учун, ҳозирда ободонлаштириш учун маҳаллий ҳокимиятдан бир гектар олмоқчи. Унинг 50 гектарига иссиқхона барпо қилиб, бодринг, лимон, қулупнай, қолган қисмида эса мевали кўчатлар етиштириш мақсад қилинган.
Кафтдек тупроқдан ҳам ҳосил олиш, бир қарич ерни ҳам бўш қўймаслик учун иссиқхона атрофига павлония кўчатлари, иссиқхонада йилига тўрт марта ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Албатта, балиқ ва биогомус етиштиришни ривожлантириш билан бир вақтда асаларичиликка ҳам эътибор бериш мўлжалланмоқда.
Зеро, бугун «Олма пиш, оғзимга тушь» қабилида кун кечирадиган пайт эмас. Бир парча еримиз бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бу борада деҳқонларга нимаики ёрдам керак бўлса, барчаси муҳайё этиляпти.
Умирзоқ Раҳматов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили
https://uza.uz/uz/posts/tomorqadan-boshlangan-mehnat-oquv-markaziga-boshladi_366260