Мақсад халқни норози қилиш эмас, қонунларни ҳаётга тўғри тадбиқ қилиш

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрда қабул қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳақ -ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига 2017-2021 йилларда 26191 та фермер, деҳқон ҳўжаликларини манфаатларини кўзлаб судларга 1 731 589 миллион сўмлик даъво аризалар киритилиб, 950 миллиард 171 миллион сўм ундириб берилди.

Кенгаш ташаббуси билан сўнгги 5 йилда 83407 та кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилиб, 205 440 та янги иш ўрни яратилди.

Кенгашлар ҳузуридаги “Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказлари” томонидан 41 мингдан ортиқ пахтачилик ва ғаллачилик фермер хўжаликларига бепул бухгалтерия хизматлари кўрсатилиб, хўжаликларнинг бюджетга тўланадиган солиқ тўловлари 3-4 баробарга ошди.

Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш, қудуқларни бурғулаш ва ишга тушириш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2020-2022 йилларда 63 миллиард сўмдан кўпроқ субсидия ажратиб берилди. Натижада 718 та қудуқ ишга тушди ва 4000 га майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш имконияти яратилди.

Ўтган даврда 3024 та, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 135 та, Андижон вилоятида 364, Наманган вилоятида 310, Самарқанд вилоятида 246, Сурхондарё вилоятида 241 “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг фаолияти йўлга қўйилган.

“Томорқа хизмати” фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига зарур моддий ресурслар, уруғлар, кўчатлар, таралар, техника, чорва моллари, парранда, қуён, асалари уяси, балиқ, қишлоқ хўжалик техникалари ҳамда эҳтиёт қисмлари, омухта ем, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун кимёвий воситалар ва асбоб ускуналар етказиб бермоқда.

Кези келганида айтиш жоизки фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг тизимлари биринчи навбатда уларнинг мурожаатлари билан шуғулланмоқда. Шу кечаю кундузда фермерларнинг асосан мурожаатлари нималардан иборат бўлмоқда ва Кенгашлар бунинг учун қандай ишларни амалга оширмоқдалар деган савол туғилиши табиий.

Биринчи навбатда фермер хўжалиги ташкил этиш жараёнидаги муаммоларига амалий ёрдам берилмоқда. Фермер хўжалиги ташкил этилгандан сўнг эса ижара шартномалари берилишида муаммоларини ҳал этишга кўмаклашилмоқда. Туман ҳокимликлари ва кадастр агентлигининг бўлимлари фермер хўжаликларига ер ижара шартномасини бермасдан пайсалга солиш ҳолатлари жуда кўплаб учраётганлиги, Ижара шартномалар берилганда эса уларни белгиланган муддат ичида давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатлари кўплаб учраётганлиги учун Кенгашнинг амалий ёрдами билан бу камчиликларни бартараф эттиришга яъни уларга ижара шартномалари олиб беришга амалий ёрдам бераяпмиз.

Асоссиз киритилаётган даъво аризаларини рад эттириш йўли билан ҳам фермер хўжаликларининг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаяпмиз.

Бундай даъво аризалари асосан Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Юқори Чирчиқ, Бекобод туманларида фермер хўжаликларининг ижара шартномасини асоссиз равишда бекор қилдириш учун киритилган даъво аризалари кўпаймоқда. Биргина ўтган йили Бекобод туманида бундай хатоликлар кўплаб содир бўлди ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Фермер хўжаликларининг ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судда иштирок этиб, бир қатор фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб уларнинг ерини мажбурий ва ноқонуний тарзда заҳирага олинишидан сақлаб қолдик.

Даъво аризаларнинг туб мазмунини олиб, қарасангиз туман ҳокимлиги фермер хўжаликларига бюджет маблағлари ҳисобидан ер ижара шартномаси расмийлаштириб бермасдан қонун талабини бузиб, кадастр тизими ходимлари ўз вақтида фермер хўжалигига ер ижара шартномасини расмийлаштириб бермаган. Бугунги кунда эса нима эмиш фермернинг ер ижара шартномаси мавжуд эмас эмиш, шунга кўра ердан мажбурий тарзда чиқарилиши керак эмиш? Қанчалик адолатсизлик, ўзларининг зиммасидаги вазифани тўлиқ ёки етарлича бажармасдан айбни фермерга ағдариб бугунги кунда 5-6 йилдан буён фаолият юритиб келган фермернинг ерини суднинг қарори билан олиб қўймоқчи бўлмоқда. Шунинг учун саводсизларча, асоссиз киритилган даъволарни суднинг қарори билан рад қилдириб фермерни сақлаб қолишга эришаяпмиз.
 

Республика бўйича кенгашлар қайта ташкил этилганидан буён туман ҳокимларининг 200 дан ошиқ фермер хўжаликларининг ҳақ -ҳуқуқлари поймол қилинган қарорларини судларга ариза киритиш йўли билан ҳақиқий эмас деб топтирдик.

Қуйичирчиқ туманидан “Гулистон Агро Файз” номли фермер хўжалигининг ер ижара шартномасини туман ҳокимининг 2019 йил 12 апрелдаги қарори билан ноқонуний тарзда бекор қилинган. Олий суднинг қарори билан тикладик.

“Аҳмадали Расулжон” фермер хўжалигининг ер майдонини 2019 йилда ноқонуний олиб қўйилган. Суднинг қарори билан туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топили фермернинг манфаати тикланди. Шунингдек, Қуйичирчиқ туманидан “Холбуви опа Барака”ни “Йўлбарс Ботир” фермер хўжаликларининг ҳам қонуний манфаатлари тикланди.

Гурлан туманидан “Отажон Сапарбой”, “Суғдиёна Синтоб” фермер хўжалигининг қарорини Олий суд орқали тикладик.

Ҳозирда етказиб берувчилар тайёрлов корхоналари ва хизмат кўрсатувчилар ўртасида ҳам муаммолар кўплаб учрамоқда. Мисол учун, кластерлар билан шартномавий муносабатларда муаммолар кўп. Сабаби агрокластерлар фермер хўжаликларининг маблағини ўз вақтида бермаяпти ва айрим туманлардаги агрокластерлар фьючерс шартномаларини ўзлари билганларича ўзгартирмоқчи бўлаётганликлари ҳақида кўплаб мурожаатлар мавжуд. Шу боис фьючерс шартномансинг намунавий нусхасидан фойдаланишни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Кластерлар уюшмаси билан биргаликда ҳуқуқий экспертизадан ўтказишни таклиф этаяпмиз.

Кластерлар тизими яхши – фақат механизмини адолатли тарзда йўлга қўйилмаган. Юқорида ҳам фермерларнинг мавжуд бўлган қарздорликларини ундириш учун амалга оширилаётган ишларга тўхтатилиб ўтдим, шу кун ҳолатига Агрокластерларни тўхтовсиз равишда уларни судга бериб фермерлардан бўлган қарздорликларини ундириб беришга эришаяпмиз. Фьючерс шартномаси тузишда фермер хўжаликларига қилинаётган тўсқинликларни бартараф эттиришга амалий ёрдам берилмоқда. Агрокластерлар билан фермер хўжаликлари ўртасида муаммоли масалалари кўп. Бу соҳада ҳали жуда кўп иш қилишимиз керак. Деярли айтарлик даражада иш қилиб улгурганимиз йўқ. Чунки бу тизим янги тизим, ҳали ўзлари ҳам бу соҳани етарлича ўзлаштириб олган эмас.

Фермерларимизнинг кластер билан шартнома асосида ишлашида ёки ерлари тўғридан — тўғри кластерларга ўтиб кетаётган айтилмоқда. Туман ҳокимликлари кластерлар ташкил этишдан олдин Ер кодексининг нормаларига, маъмурий тартиб ва таомилларга риоя қилмаганликлари оқибатида яъни ерларни қонунда белгиланган тартибда заҳирага олмасдан, туманида аввал ер заҳирасини тўлиқ шакллантирмасдан, ижара шартномасини қонунда белгиланган тартибда бекор қилдирмасдан фермерларнинг ерларини Кластерга бериб юборишларида намоён бўлмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсам Қизириқ туманининг фермерлари томонидан ҳам жуда катта норозиликлар келиб чиқди. Мингбулоқ туман фермерларидан, Шовот тумани, Тахиатош тумани фермерларидан, Поп тумани фермерларидан, Касби тумани фермерларидан ҳам жуда жиддий эътирозлар келиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 ноябрда ўтказилган видеселекторида “Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш тўғрисида” берилган топшириғининг ижросини таъминлаш мақсадида Қизириқ тумани ҳокимининг 2020 йил 14 декабрдаги қарори билан кўплаб фермер хўжаликларининг ер майдонлари ноқонуний тарзда заҳирага олинган ва “Сурхон коттон агро Кластер” МЧЖга 25313 гектар ер ажратиб берилган. Бунга ҳам чора кўрилди.

Гоҳида туман прокурорларининг фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларига зид тарзда номақбул протестлар киритилишига йўл қўйилмоқда. Масалан, Олим Туропов номли фермер хўжалигига туман ҳокими ерни танловсиз берган, деб протест киритган. Туман прокурори 2019 йилда чиққан бу қарорни бекор қилишни сўраган. Бундай ҳолатлар бошқа туманларда ҳам мавжуд. Мақбуллаштириш вақтларида туман ҳокимига 3 та сектор бошлиқлари етарлича амалий- ҳуқуқий ёрдам бермаяпти. Бири чўтанбалиқ, бири оққуш бўлиб ишлаётгани оқибатида 2019 йил 9 январдаги қарор ижросини таъминлаш жарёнида туман ҳокимликларининг кўплаб қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди. Фермер хўжаликлари эса нотинч бўлиб қолди.

Мен бу гапларни бежизга гапирмаяпман. Мақсад халқни норози қилиш эмас, соҳа қонунларини ҳаётга тўғри тадбиқ қилиш. Бунинг учун эса бежизга 4 та секторни халқни бошқариш учун танлаб қўйилмаган. Қонуннинг барчага баробарлик принципини ўзлари ҳам билиши керак. Халққа ҳам ўргатиши керак. Бўлмаса ўзларини давлат арбоби деб ҳис қилишга ҳаққи йўқ. Халқ улардан қонунийликни таъминланишидан умидвор.

Чорихон Қодиров

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси

https://uza.uz/uz/posts/maqsad-xalqni-norozi-qilish-emas-qonunlarni-hayotga-togri-tadbiq-qilish_365140

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram