Миллионер томорқачилар

Аҳолининг томорқалардан қай даражада фойдаланаётганини кўздан кечириш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Актам Хаитов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл ҳамда Элликқалъа туманларидаги хонадонларда бўлди.

Бугунги кунда томорқа нафақат оила аъзоларнинг эҳтиёжларини қондириш, балки қўшимча даромад манбаи ҳамдир. Ундан самарали фойдаланаётган оиланинг дастурхони доимо тўкин, турмуши фаровон бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан жорий қилинган “Яшил йиллик” умуммиллий дастури асосида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кўчат экиш, боғ яратишдек эзгу ҳаракатлар қизғин давом этмоқда.  

Тўрткўл туманидаги “Ўзбекистон” овул фуқаролар йиғинида аҳоли  асосан сабзавотчилик билан шуғулланади. Эътиборли томони мазкур овул фуқаролар йиғини томорқаларида етиштирилаётган сабзавотлар ички бозордан ташқари, Бухоро ва Хоразм вилоятларига сотилмоқда. Қўшни Қозоғистон Республикасига ҳам экспорт қилинаётир. Ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили мазкур овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ўринбой ака Раджапов хонадони бўлди. Ихчам иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатини етиштириш жараёни билан яқиндан танишиб, оила даромадини ошириш ва фаолиятини янада кенгайтириш борасида тавсиялар берилди.  
Бугунги кунда томорқадан самарали фойдаланишда минерал ўғит алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, “Биогомус” ишлаб чиқишни ривожлантириш кераклиги таъкидланди. 

Овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Биогомус” ишлаб чиқувчи “Тўрткўлли Хасан – Хусан” масъулияти чекланган жамиятига фаолиятни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши жамғармасидан 300 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Ўрганиш ишлари давомида ишчи гуруҳ аъзолари Насиба Матяқубованинг томорқасини кўздан кечирди. Хонадонда томорқани шудгорлаш ва кўчат экиш учун эҳтиёж борлиги аниқланди. Шу жойнинг ўзида ерни шудгорлаш ишлари бажарилиб, мевали дарахт ва сабзавот кўчати ўтқазилди.  

Ишчи гуруҳ вакиллари Элликқалъа тумани “Тозабоғ” овул фуқаролар йиғини “Навбаҳор” маҳалласидаги “El agro tоmorqa cluster” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Намунали томорқачилар билан бирга томорқа ерлари бўш, экишга тайёрланмай турган хонадонларга ҳам борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида Усмон Искандаровнинг томорқа ерлари шудгорланиб, картошка, 140 туп мевали дарахт ва ток кўчати экилди.  

“Пахтачи” маҳалласидаги намунали хонадон эгаси Саъдулла Рўзимбетовнинг 22 сотих томорқасининг 10 сотихида иссиқхона қурилган. Унда лимон, сабзавот, кўкатлар экилиб, интенсив усулда балиқчилик ҳам йўлга қўйилган. Хонадон эгасининг қайд этишича, бир йиллик даромади ўртача 300 миллион сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, у томорқада биогомус калифорния чувалчангларини ҳам етиштирмоқда.  
Ўрганишлар якунида А.Хаитов раҳбарлигида кўргазмали семинар ўтказилди. Даромад манбаи бўлган томорқани ривожлантириш учун “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.  

Довуд Абибуллаев,  ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/millioner-tomorqachilar_363728

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram