Фермер ва томорқа эгаларининг ҳуқуқлари ҳимояда

Ижтимоий тармоқларда фермерларнинг розилигисиз ҳосилнинг давлат режасидан ортиқча қисмини мажбуран олиб қўйилаётганлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.

Бундай ҳаракатлар ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатади. Зеро, айрим мансабдор шахсларнинг амалдаги қонунларга риоя этмаслиги ёки била туриб ўз манфаати йўлида фойдаланиши фуқароларнинг асосли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартда қабул қилинган “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди. Фермер етиштирган ғалла барча истеъмолчиларга, жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилмоқда. Шунингдек, қонунчиликка кўра, фермер хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотини истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этади. Тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаш мажбуриятига эга.

Фермер ҳам тадбиркор ҳисобланади, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Фермер хўжалигининг фаолиятига ноқонуний аралашган, ноқонуний қарорлар қабул қилган ва моддий зарар етказган мансабдор шахслар суд олдида жавоб бермоқда.

– Контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмлардан ортиқчаси фермер хўжалигининг мулки ҳисобланади, – дейди Навоий вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши бўлими бошлиғи Камол  Орзиев. – Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи эса давлат ҳимоясида.  2021 йил давомида Навоий вилоятида тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи корхоналардан фермер хўжаликларининг ҳақдорлигини ундириш бўйича Кармана туманида пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 64 та фермер хўжаликларига тўлашга қолган  6 млрд. 898 миллион сўм ҳақдорлик маблағлари, Навбаҳор туманида 182 та фермер хўжаликларига 35 млрд. 155 миллион сўм ҳақдорлиги Хатирчи туманидаги Навоий бахт Текстил МЧЖ-дан 27 та фермер хўжаликларига 1 млрд. 242 миллион 649 минг сўм ҳақдорлиги ундириб берилди.

 Ҳуқуқшунослар бунинг учун пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари номига талабномалар киритиб, судларга 4 миллиард 240  миллион 200 минг сўмлик 257 та даъво аризаси киритди. Шундан 3053.1 миллион сўмлик 206 та даъво суд томонидан қаноатлантирилди. Мисол учун, Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг қарори билан “Навоийазот” АЖдан “Навбаҳор шолиси”  фермер хўжалиги фойдасига 42 миллион сўм маблағи ундириб берилди. Хатирчи тумани А.Навоий ҳудудидаги боғдорчилик йуналишидаги “Хатирчи агропрестиж” фермер хўжалигини манфаатини кўзлаб, 11 нафар фуқарони мевали боғ ер майдонидан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, фермер хўжалиги иш фаолиятига тўсқинлик қилганлиги сабабли фуқаролик ишлар бўйича Кармана туманлараро судига мевали боғ ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариб юбориш ҳақида даъво аризаси киритилиб, суд томонидан даъво қаноатлантирилди. Олтинсой ҳудудидаги узумчилик йуналишидаги “Шукурулла хожи Исломжон” фермер хўжалигини, “Бахшижар кишмишлари” фермер хўжалигини токзор ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 2 нафар фуқарога нисбатан токзор ер майдонидан чиқариб юбориш ва 10 миллион сўм келтирилган зарарни ундириш бўйича фермер хўжалигини манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси киритилиб суд томонидан ушбу даъводаги келтирилган зарар  қисман қаноатлантирилиб, токзор ер майдонидан мажбурий чиқариб юбориш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Айни вақтда кенгашнинг жойлардаги вакиллари мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари юзасидан судларга даъво аризалари киритмоқда. Масалан, “Ашуров Шухрат” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб киритилган даъво аризага асосан Навоий туманлараро маъмурий судининг 2021 йил  27 апрелдаги қарори билан Кармана тумани ҳокимининг фермер хўжалигининг ер майдонини захирага қайтариш ҳақидаги 2020 йил   7 октябрдаги қарори, “ Амириддин Сармиш ” фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб киритилган даъво аризасига асосан Навоий туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 7 майдаги қарори билан Навбаҳор туман ҳокимининг фермер хўжалигининг ер майдонини захирага қайтариш ҳақидаги 2020 йил 22 октябрдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. 

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шу боис ҳам Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қонунсиз ҳолатларга дуч келган фермерларга ўз вақтида мурожаат қилишларини сўрайди

https://uza.uz/uz/posts/fermer-va-tomorqa-egalarining-huquqlari-himoyada_361119

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram