Келгусида фермер ва кластерлар ҳамкорлиги қандай бўлади?
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш аҳолининг 60 фоизидан ортиқ қисми яшаётган қишлоқларнинг фаровонлик даражасини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ҳозирда юртимизда 81 мингдан зиёд фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Ўтган даврда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, жумладан фермер хўжаликларига имтиёзлар жорий этиш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улардан бири- Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрда қабул қилинган «Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори. Унга кўра, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзлар жорий этилди. Натижада сўнги 3-4 йилда пахта, ғалла ва бошқа соҳаларда 681 минг гектардан зиёд майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Айниқса, пахтада томчилатиб суғоришни жорий этган фермер ва бошқа хўжаликларлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар гектарига 8 миллион сўмдан субсидия берилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хомашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз аражатмалари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн.сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қоплаб берилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида эса пахтада томчилатиб суғоришни жорий этгани учун гектарига 12 миллион сўмдан субсидия бериш жорий этилди.
Давлатимиз раҳбарининг «Пахтачилик соҳасида бозор томоилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор томоилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ҳам қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлаб, бозор иқтисодиёти тамойилларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси, харид нархининг белгиланишини босқичма-босқич бекор қилиб, деҳқонларимиз меҳнатининг иқтисодий самарадорлиги ҳамда манфаатдорлиги ошишига эришилмоқда.
Айни вақтда қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Келгуси беш йилда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни камида 2 баробар кўтариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга етказиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш шулар сирасидандир.
Кластерлар 5 мингдан ортиқ юқори унумли техника олиб келди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди. Пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади. Бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги жамғармасига йил якунига қадар қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.
Келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хомашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади.
Ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда, кластер ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар гектардан 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига чиқариши талаб этилади. Қолган ҳосилни эса, тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.
Мева-сабзавотчилик кластерларига айланма маблағ учун, жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади. Юртимизда 200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдони қисқартирилиши режалаштирилган. Бу майдонлар аҳолига танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади. Эҳтиёжманд оилаларга деҳқончилик сирларини ўргатиш ва кўмаклашиш учун 100 миллион сўмгача бўлган мева-сабзавотчилик лойиҳаларига «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури шартлари асосида кредит берилади.
Фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, келгуси йилдан бошлаб, техника сотиб олиш бўйича кредитларнинг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди. Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади. Натижада кластер ва фермерлар техникани 35 фоизгача арзон харид қилиш имкониятига эга бўлади.
Шу тариқа фермер ва кластер корхоналарига юқоридаги имтиёзларнинг берилиши мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг янада ривожланишига ҳамда маҳсулотларимизнинг қайта ишланиб ички бозорларимизни арзонлаштиришга ва тайёр маҳсулотларимизнинг экспорт қилиш имконияти янада кенгайишига хизмат қилади.
З.Алламурадов
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари
ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи