Ер ижара шартномасини мажбурий бекор қилиш мумкинми?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда «Фермерларнинг ер участкаларини ўз хоҳиши билан топшириш ҳақида мажбурий равишда ариза ёздириб олинаётганлиги ҳақида» хабарлар тарқалмоқда.
Жумладан, яқинда Тошкент ва Андижон вилоятларида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари маҳаллий ҳокимликлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ёрдами билан фермерларни хонага қамаб ижарага олинган ер майдонларини ихтиёрий равишда давлат захирасига топшириш ҳақида мажбурий равишда ариза ёздириб олинганлигидан шикоят қилган эди.
Қайд этиш керакки, ер участкаларини ижарага олиш шартномаларини қонунчиликка зид равишда бекор қилиниши мамлакатимизнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Санжар ИСАЕВ бу борада бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасига мувофиқ, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади, – дейди С.Исаев. – Шунингдек, Ер кодексининг 36 ва 38-моддаларига кўра, ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда, ер участкаси берилган муддат тугаганда, юридик шахс тугатилганда бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Кодексдан ташқари тегишли қонунлар, фармон ва қарорларда ҳам бу борада кенг тушунчалар берилган. Мисол учун, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин, эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнда қабул қилинган «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 4-бандида туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилишга оид ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинган.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан фермер хўжаликларининг ер участкаларини ижарага олиш шартномасини қонун ҳужжатларига зид равишда бекор қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш юзасидан хат киритилди.
Мухтасар қилиб айтганда, ер қонунчилигининг такомиллаштирилиши кейинги йилларда фермер ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
https://uza.uz/uz/posts/er-izhara-shartnomasini-mazhburiy-bekor-qilish-mumkinmi_316873