Деҳқон бобо “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди

Томорқа қишлоқ хўжалик экинлари, мевали дарахтларни экиш, парранда ва чорва молларни парваришлашда қишлоқ аҳолисининг асосий даромад манбаига айланиб бормоқда.

Аслида ҳам томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали усули экани ойдинлашиб бормоқда. Меҳнатга иштиёқ ҳавас бўлса, инсон нафақат ўз ҳаётини балки оила аъзоларини турмушини ҳам фаровон қила олади.

Навоий вилояти Нурота туманидаги Ғофур Ғулом МФЙда яшовчи Қувондиқ бобо Файзанов 67 ёшни қоралаган бўлса-да, бир нафас ҳам бекор ўтирмайди. Асли касби қурувчи бўлган Қувондиқ бобо деҳқончилик илмини ҳам олган. 20 сотих томорқасидан унумли фойдаланиб, ҳар йили яхшигина даромад олмоқда.

2012 йилда эса томорқанинг 2 сотихини 2 метр чуқурликда ковлаб маҳаллий шароитга мос иссиқхона ташкил этган эди. Ўша вақтда лимончилардан тажриба ўрганиб, улар билан маслаҳатлашиб лимоннинг Тошкент ва Маер навидан 12 туп эккан эди. Уларнинг ёнига эса қизиқиш туфайли, тажриба учун апельсин, мандарин, киви, папая, банан ниҳоллари қадаган эди.

Шу кунларда отахон ҳар бир туп лимондан ўртача 70-80 кг ҳосил йиғиб олмоқда. Қолган циртус кўчатлари ҳам маҳаллий шароитга мослашиб, ҳозирда ҳосилга кирган. Йилига улардан ўртача 60 миллион сўм даромад олмоқда.

-Биз қизиқиш туфайли 5 сотих майдонда узумнинг майизбоп кишмиш навини ҳам етиштиришни бошлаганмиз,-дейди Қувондиқ бобо Файзанов. Шунингдек, қора анжир ҳам етиштирамиз. Агар санайдиган бўлсак, томорқамизда мевали дарахтларнинг 15 дан ортиқ тури етиштирилиб, ҳосили йиғиб олинмоқда. Дарахтлар ва экинлардан мўл ҳосил олишда асаларининг фойдаси борлигини эшитиб, уларни кўпайтиришга қизиқиб қолдим. 6 қути асалари оиласи гулга бурканган дарахтларни чанглатишга энг яхши кўмакчи бўлмоқда.

Отахон ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш борасида ўзига хос режага эга. Қадамба-қадам хўжалигини кенгайтириб бормоқда. Томорқадаги дарахтлар орасида ва иссиқхонада помидор, булғор қалампири, бақлажон, карам каби экинларни кўчатини етиштириб, қўни-қўшниларга ва бозорга етказиб беришни йўлга қўйган. 50 бош парранда ва бир қанча чорва моллари ҳам парвариш қилинмоқда. 5 сотихда саримсоқпиёз етиштириш ҳам ўзлаштирилди.

Замон билан ҳамнафас яшаётган хонадон аҳли ҳар йили ўртача 3 марта ҳосил олиб, томорқасида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини оила эҳтиёжларидан ортириб, бозорга ҳам етказиб бермоқда. Деҳқончилик соҳасидаги эришган ютуқлари туфайли Қувондиқ бобо Файзановни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши «Намунали томорқачи» кўкрак нишони билан тақдирлади.

Умрзоқ Раҳматов,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили

https://uza.uz/uz/posts/dehqon-bobo-namunali-tomorqachi-kokrak-nishoni-bilan-taqdirlandi_315663

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram