Даромад ҳам, барака ҳам ўз хонадонимизда
Республикамиз бўйлаб 651 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бугун бозорларимизга етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда нафақат деҳқон ва фермерлар, балки аҳолининг ҳам бевосита ҳиссаси ортиб боряпти. Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ўз томорқасида экин-текин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.
Жумладан, айни кез 5,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари ўз ихтиёридаги 502,8 минг гектар ер майдонларида деҳқончилик қилмоқда. Юртимизда етиштирилаётган картошканинг 84 фоизи, сабзавот маҳсулотларининг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоизидан ортиғи аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келяпти.
Томорқада деҳқончиликни бошлаган инсон тажриба камлиги сабаб бирданига юқори ҳосил ва даромад олиши қийин. Аммо ҳудудларда томорқа билан ишлайдиган, аҳолига моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилиб, “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилиши бу борада аҳолига катта кўмак бермоқда. Томорқачиликдан хабари бўлмаган киши ҳам унга кўрсатилаётган ёрдамлар туфайли яхшигина даромад олишга эришяпти.
2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналарига йил сайин талаб ортиб бораётгани ҳам шу важдан. 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан республикамиз бўйлаб 651 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундай корхоналар иш бошлаган илк куниданоқ аҳолига кўмакчи бўлиб, одамларнинг томорқаларга экин экиш, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилди.
Аниқ маълумотларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан 42,1 минг аҳоли хонадоннинг ерлари шудгорланди, 53,5 минг хонадонга зарур уруғлик, 90,3 минг хонадонга кўчатлар ҳамда 36,2 минг хонадонга пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари етказиб берилди ҳамда экишига кўмаклашилди. Шунингдек, 32,5 минг хонадонга ихчам иссиқхона қуриб берилиб, 1 161 та хонадонга асалари уялари, 1 297 та хонадонга қуён, 4 330 та хонадонга курка, 9 300 минг хонадонга парранда, 519 та хонадонга эчки, 998 та хонадонга қорамол ҳамда 2 700 хонадонга қўй етказиб берилди.
Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағлари, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан уларнинг моддий-техник базаси мустахкамланди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида “Томорқа хизмати” корхоналарида 38,5 минг тонна сиғимли 132 та мева-сабзавотларни совутиш омборлари, 62,9 минг тонна сиғимли 195 та мева сабзавотни сақлаш омборлари ҳамда 161,4 минг тонна йиллик қувватга эга бўлган 154 та мевани саралаш, қуритиш, қайта ишлаш линиялари ташкил қилинди. Мазкур йўналишлар учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғармадан 96,6 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Шу билан бирга, Жамғармадан 265 нафар фуқароларга 8 миллиард 231 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига, республиканинг 162 та туманидаги маҳаллаларнинг аҳоли гавжум жойларида 1 475 та кичик сиғимли музлаткичга эга бўлган енгил конструкцияли “дала дўконлари” ташкил этилиб, уларнинг сони 2 685 тага етказилди. Мазкур дўконлар аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини одамларга қулай жойларда, арзон нарҳларда сотишни ташкил қилишга хизмат қилмоқда.
Тадбиркорларга берилаётган моддий ёрдамлар уларнинг бу йўналишда самарали иш бошлашига туртки бермоқда. Биргина мисол, Андижон туманининг Истиқлол ва Т.Мирзаев массивларидаги фойдаланишдан чиққан 275 гектар адир худудларидаги ер майдонларни қайта фойдаланишга тушуриш мақсадида “Андижон тумани Истиқлол томорқа хизмати” МЧЖ ташкил этилди. Корхонага кўмак сифатида Жамғарма томонидан 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Жамият раҳбари Рустамжон Йўлдошев бошчилигида бугунги кунда ушбу майдонларнинг 150 гектар қисмига мевали кўчатлар экилиб, жами 3500 куб сиғимга эга 2 та ховуз, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларини малакасини ошириш учун ўқув биноси ҳамда 105 гектар майдонда тўлиқ томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш ишлари якунланмоқда. Ушбу майдонларда барпо этилаётган боғзорлар кейинчалик тайёр боғ ҳолатига келтирилиб, аҳолининг кам таъминланган қатлами ва ишсиз фуқароларга қулай лизинг шартлари асосида тақсимлаб берилиши кўзда тутилган.
Янги тизим — замонавий ёндашув
Ҳалқимиз йилдан-йилга томорқа қўшимча даромад манбаи эканлигини англаб етмоқда. Йилига 2-3 марта ҳосил олишни кўзлаб иш юритаётган миришкор деҳқонларимиз кичик ердан ҳам мўл даромад оляпти. Бу борадаги билимлари ҳам ортиб боряпти. Тажрибадан маълумки, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини оддий омборларда сақлагандан кўра, сунъий совутиладиган омборхоналарда сақлаш орқали маҳсулот вазнини максимал даражада сақлаб қолиш имконияти ошади. Шундай омилларни ҳисобга олган ҳолда етиштирилган маҳсулотни йил давомида ҳалқимиз дастурхонига етказиб бериш учун етарли шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу жиҳатдан, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштирадиган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Юқоридаги Президент қарори асосида мева-сабзавот кўп етиштириладиган 32 та туманда 12 та йўналиш бўйича томорқа хизмати кластерлари фаолияти йўлга қўйилгани боиси ҳам шундан. Жумладан, 25 гектар иссиқхона, 13 071 тонна юк сақлаш омборхонаси, 23 та 10 078 тонна саралаш ва қадоқлаш қувватига эга бўлган ускуналар, 15 770 тонна совутгичли омборхона, 44 та уруғ, кўчат ва минерал ўғит дўкони, 27 та ихчам иссиқхоналар қуриш цехи, 18 та 23 099 тонна сутни қабул қилиш ва қайта ишлаш пункти, 8 та чорвачилик комплекси кабилар ташкил этилди. Мазкур йўналишлар учун Кенгаш хузуридаги Жамғармадан 91,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бунинг натижасида 430 та доимий ҳамда 1 616 та мавсумий иш ўрни яратилди.
Ўтган йилдан бошлаб мамлакатимизда ўзида 12 та фаолият йўналишини мужассамлаштирган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси амалиётга жорий этилди. “Кластер” атамаси сўзма-сўз таржима қилинганда “биргаликда ўсиш”, деган маънони англатади. Мазкур тизимга “ягона занжирда айланадиган тараққиёт” таърифи ҳам берилади. Ўтган асрда пайдо бўлган кластер усулида ишларни ташкил этиш вақт ўтиши билан корхоналар ўртасида рақобат муҳитини яратиб, аҳолининг турмуш даражаси ўсишига хизмат қила бошлади.
Юртимизда кластерлар фаолиятининг йўлга қўйилиши фуқароларга қатор қулайликлар яратмоқда. Корхона-кластерлар ҳар бири 12-15 минг аҳоли хонадонлари билан шартнома тузган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилган маҳсулотларнинг ўз истеъмолидан ортган қисмини сотишга кўмаклашиш, сақлаш, қайта ишлаб, ички бозорларда сотиш ҳамда экспортга чиқариш бўйича фуқароларга яқиндан кўмак бермоқда. Бундай корхоналар аҳоли давромадларини ошириш билан бирга, одамларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда. Хусусан, ҳар бир кластерда ўрта ҳисобда 40-45 та доимий, 350-400 та мавсумий иш ўринлари яратилади.
Навоий вилоятида ташкил этилган “Нурота томорқа хизмати” МЧЖ айни кез ҳудудда шу йўналишдаги энг илғор корхоналардан бирига айланган. Бу ерда 2018—2020 йилларда аҳоли билан 3 мингдан ортиқ шартнома тузилиб, ихчам иссиқхоналар қуриш, тик қудуқларини қазиб бериш, кўчат, уруғликларни етказиб бериш, томорқаларни экин экишга тайёрлаш каби хизматларни кўрсатиб келмоқда. Корхона таркибида кластер ташкил этилгач, фаолияти янада кенгайди. Аҳолига кўрсатиладиган хизмат турлари 12 та йўналишга етди. Сутни қабул қилиш пункти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш цехи каби йирик лойиҳалар ишга туширилиб, бунинг учун Жамғарма томонидан кредит маблағлари ажратилди. Ҳозирда “Томорқа хизмат” МЧЖ ҳисобида 10 та бино, 4 та ер ости тик қудуғини бурғулаш агрегати, 6 та кимёвий воситалар сепиш ускунаси, 1 та минитрактор, 4 та мотокултиватордан иборат техника парки мавжуд. Муҳими, кластер ҳудудда янги иш ўринлари яратиб, аҳолига томорқа ишларида яқиндан кўмак бериб келмоқда.
Қўрғонтепа туманида ташкил этилган “Дардоқ томорқа хизмати” МЧЖ ҳам ўз фаолиятини кластер тарзида давом эттиряпти. Корхона 25 нафар кишини доимий иш билан таъминлаб, 5 мингта томорқа ер эгаларига ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда. Кластер ўтган йили 150 минг АҚШ доллари, жорий йил шу даврига қадар 250 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж давлатларига экспорт қилди.
Бугун иш фаолиятини олиб бораётган кўпгина “Томорқа хизмати” МЧЖлар мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли томорқаларида етиштирилган ҳамда кластерлар томонидан қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ички бозорларимиздан ташқари, хорижга экспорт қилишга эришяпти. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 80 га яқин “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 54 миллион долларлик 51,7 минг тонна маҳсулот Қоғозиғтон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Россия, Украина, Германия, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Малайзия ва бир қатор Европа малакатларига экспортга йўналтирилди. Бу борада Самарқанд вилоятидаги “Chelak tomorqa xizmati” МЧЖ, Қашқадарё вилоятидаги “Ko’hna voha tomorqa xizmati” МЧЖ, Навоий вилоятидаги “Xatirchi tomorqa export” МЧЖ корхоналари айниқса, етакчилик қилмоқда.
Элмурод МАМАРАҲИМОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош мутахассисиНашр этмоқ
Rated 5 stars out of 5
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни
Агросектор14 октябр 2021202Матн: Гулсум Шодиева
Жорий йилда тумандаги 36 та фермер хўжаликлари томонидан 632 гектар ер майдонига чигит экилиб, юқори ҳосил етиштирилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш” тўғрисидаги резолюциясига асосан 15 октябрь Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган.
БМТ мазкур кунда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратишга, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга чақиради.
Шу муносабат билан “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан “Халқаро қишлоқ аёллари куни”га бағишланган мазмунли тадбирлар ташкил этилиб, юқори саъвияда ўтказилмоқда.
Халқаро аёллар куни маънавий-маърифий тадбирлари давомида қишлоқ хўжалигининг ривожланиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқларнинг ободлиги ва фаровонлигини оширишда аёлларнинг қўшаётган ҳиссаси ва ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Самарқанд вилоятининг олис Нуробод тумани пахта далаларида бўлиб ўтди. Жорий йилда тумандаги 36 та фермер хўжаликлари томонидан 632 гектар ер майдонига чигит экилиб, юқори ҳосил етиштирилди. Етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш, тайёрлов корхоналарига 1 минг 229 тонна сифатли пахта хом ашёси топшириш юзасидан терим отрядлари ташкил этилган бўлиб, йиғим-теримда маҳаллалардаги аҳолининг уюшмаган қатламидан иборат теримчилар иштирок этишмоқда.
Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда тумандаги Нурбулоқ Муқобил машина трактор парки ҳудудида жойлашган “Файзи” фермер хўжалиги аъзолари, илғор теримчилар иштирок этишди.
Байрам тантанасида “Ўзагроинспекция”нинг Нуробод туман бўлими ҳамда “Файзи” фермер хўжалиги томонидан мавсумда фаоллик кўрсатган аёлларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган жозибали куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача жозиба бағишлади. 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни тадбирлари давом этмоқда, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.
https://yuz.uz/news/daromad-ham-baraka-ham-oz-xonadonimizda