Зарар кўрган фермер хўжаликлари масъул идоралар эътиборидан четда қолганми?
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши жойларда ўтказаётган доимий учрашувларда мулкдорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратмоқда. Мирзаобод туманидаги фермер хўжаликлари билан бўлган учрашувда ҳозирга қадар очиқ қолган қатор саволларга жавоб берилди.
Боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ўзига етган зарар тўлаб берилмаганлигидан, туман ДСИ идораси эса солиқ тўловларини талаб қилаётганидан норози эканликларини билдиришди.
Қайд этиш керакки, Сардоба сув омборида юз берган техноген ҳолат натижасида етказилган зарарларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида дастлабки ва бирламчи ҳужжатлар асосида барча фермер хўжаликлари экин майдонларида мавжуд экинлар, кўчатлар ва боғлар оралиғига экилган озиқ овқат экинларининг ҳажмлари ва кутилаётган ҳосилнинг миқдори туман баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланган эди.
Хусусан, Сирдарё вилоят ҳокимлиги тақдим этган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Оқолтин, Сардоба, Мирзаобод туманларида 130 нафар фермер хўжалиги 51 миллиард 427 миллион сўм зарар кўрган. Таҳлилларга кўра, Мирзаобод туманидаги сув тошқинидан зарар кўрган 75 нафар фермер хўжаликларининг бюджет бўйича солиқ қарзи 127 миллион сўм, Оқолтин туманидаги 68 нафар фермер хўжаликларининг солиқ қарзи 1.722.810 сўмни ташкил этган. Шу тариқа уларнинг солиқ қарзи 1 миллиард 896 миллион сўмни ташкил этган.
Агарда ҳолатга аниқлик киритадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги «Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига асосан масъул идоралар ва вилоят, туман ҳокимликлари қишлоқ хўжалиги экинларига, жумладан, ғалла, пахта, мева-сабзавот ва бошқа экин турлари бўйича зарар етказилган майдонларни аниқлаб, ҳар бир туман кесимида бажариладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда тезкор тарзда амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 24 майдаги «Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида зарар кўрган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини зарарларини қоплаб бериш, солиқдан озод этиш, банк кредити асосий қарз ва ҳисобланган фоизларни вақтинча тўхтатиб туриш белгиланган.
Бироқ, зарар кўрган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари масъул идоралар ва ҳокимликлар эътибордан четда қолган.
Шу сабабли Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги зарар кўрган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг зарарлари шу кунга қадар тўлаб берилмаган ва солиқдан озод этиш масаласи кўрилмаган.
Ана шу сабабларни инобатга олган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тегишли вазирлик ва ташкилотларга, ҳокимликларга Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида сув тошишидан зарар кўрган боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига етказилган зарарларни қоплаб бериш масаласида амалий ёрдам беришни сўраб хат киритди.
Учрашувда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган балиқчилик, чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларини 2020 йил 1 майдан 2022 йил 1 ноябрга қадар барча солиқ тўловларидан озод қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасига боғдорчилик фермер хўжаликларини ҳам қўшиш борасида амалий ҳаракатларни бошлагани маълум қилинди.