Фермерларни шартнома тузишга ҳеч ким мажбурламайди

Сўнгги вақтларда фермерлардан бошоқли дон ва пахта хом ашёсини харид қилиш бўйича шартномаларни бир томонлама, бандлари тўлдирилмаган ҳолда расмийлаштирилаётганлиги ҳақида турли мулоҳазалар айтилмоқда, жойлардан шикоятлар келмоқда.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашнинг матбуот котиби Жаҳонгир Раҳмонов ушбу ҳолатга қуйидагича изоҳ берди.

– Бундай ҳолат ҳеч бир қонунчилигимизга тўғри келмайди, –дейди Ж. Раҳмонов. – Фермер ва деҳқонларимизни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартда қабул қилинган «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари дастуриламал бўлмоқда.

Уларга кўра, 2020 йил ҳосилидан бошлаб, пахта хом ашёсини етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинди, пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди, пахта хом ашёсини етиштирувчилар (фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперациялар)га районлаштирилган ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилди.

Шу асосда 2021 йилдан давлат ғаллага харид нарх белгилаш амалиётидан воз кечди ва давлат хариди бекор қилинди. Фермерлар етиштирадиган ғалла барча истеъмолчиларга, жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди.

Эндиликда, фермерларимиз ғалланинг контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларидан ортиқча қисми фермер хўжалигининг ўзида қолади, ўзи ҳохлагандек ишлатади. Режадан ортиқча ғаллани кластер, тайёрлов корхоналари ва бошқа истеъмолчиларга эркин нархларда сотиш ҳуқуқига эга. 

Фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ғалла ва пахтадан фойда олаётганини кўролмайдиган ва фермернинг фойдасига шерик бўладиган айрим қишлоқ хўжалиги корхоналарига фермерлар шартнома тузишда эркин эканлигини эслатиб қўймоқчимиз. Бу тегишли қонунларда ҳам белгиланган бўлиб, фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.

Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрда қабул қилинган «2004 – 2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Намунавий контрактация шартномаси», «Моддий-техника ресурслари етказиб бериш намунавий шартномaси», «Хизматлар кўрсатишга (ишларни бажаришга) намунавий шартнома»ларига мувофиқ, шартнома тузувчи фермерлар ва иккинчи тараф ўзаро келишган ҳолда расмийлаштиришлари лозим.

Шартнома тузишда тарафлар тенг ҳуқуққа эга ва шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.

Шартномалар қонунчиликка ва тарафларнинг келишувига мос келиши, қўшимча талаблар (муайян шаклдаги бланкада тузилиши, муҳр босиб (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши, шартнома бандлари тўлиқ тўлдирилган (миқдори, нархи ва бошқа.) ва қонун талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Шундан сўнг, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган шартномаларгина рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Шартнома тузишда қонун талабларига риоя этилмаган ҳолларда бир қатор оқибатларга олиб келиши мумкин:

1. Шартнома суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши;

2. Суд томонидан мажбурият юклатилиши;

3. Етказилган зарарлар ва бой берилган фойда суд қарорига асосан ундириб берилиши;

4. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1761-моддасида шартнома интизомини бузиш, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказганлик учун жарима қўлланилиши;

5. Жиноят кодексининг 167-моддасига мувофиқ, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш,168-моддасига кўра алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

6. Қонун талабларига мувофиқ бўлмаган шартномаларни рўйхатдан ўтказганлиги оқибатида зарар етказилган тақдирда мансабдор шахслар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Фермерларнинг ҳуқуқлари бузилганда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, яқиндан кўмак бера олади.

Сайёра Шоева, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/fermerlarni-shartnoma-tuzishga-hech-kim-mazhburlamaydi_310426

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram