Ҳаққини олаолмаётган фермерлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4634-сон “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди.
Фермерлар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди.
Бироқ, фермерларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ғалла режасини бажариб ортиқча қисмидан мўмай фойда олаётганлигини кўролмайдиган ва фермернинг фойдасига шерик бўлганлар ҳам топилди.
2021 йилда фермерлар томонидан ғалла режасини тўлиқ бажарган бўлсада, дон қабул қилиш корхоналари ва ғаллачилик кластерлари томонидан ғаллани арзон нархларда қабул қилиши оқибатида, фермерлар қарздор бўлиб қолди.
Бечора фермер “пандемия ” шароитида ҳалққа жабр бўлмасин деб шунга ҳам рози бўлди.
Фермерларнинг берган хабарига кўра, 2021 йил ғалла ҳосилидан режани бажариб қарздор бўлган фермерларни қўллаб-қуватлаш мақсқадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан таҳлил қилиниб, фермерларнинг қарзларини қоплаш чоралари кўрилаётган экан.
Агар шу ишлар қилинаётган бўлса яхши.
Лекин бу ҳам етмагандек, айни кунда фермерлар етиштирган пахта хом ашёсиниҳам кластер корхоналари томонидан арзон нархларда олишга, фермернинг фойдасига шерик бўлишга уринишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандлик деҳқон-фермерлар билан учрашувида “Пахтани эгаси бўлиши керак, пахта экиб даромад кўрмаслик – азоб, фермерни рози қил, деҳқон далага кириб 40 центнер пахта олгандан кейин шунга яраша даромади бўлиши керак” деган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги
ПҚ-4633-сонли “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-бандида, Қишлоқ хўжалиги вазирлигимасъул идоралар билан биргаликда жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йилҳосили учун кутилаётган минимал нархларбюллетень чоп этиш, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинишини таъминлаш белгиланган.
Мазкур қарор ижросига масъул бўлган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томониданжаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, 2021 йил ҳосил йилида кутилаётган пахта хом ашёсининг минимал нархлари эълон қилинмади.
Оқибатда, фермерларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган пахта хом ашёси кластер корхоналари томонидан анча арзон нархларда сотиб олинмоқда.
Келиб тушаётган хабарларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида кластер корхоналари томонидан 1 тонна пахта хом ашёсини 4.500 минг сўмдан, Сирдарёда 4.800 минг сўм, Навоийда 6.020 минг сўм, Қашқадарёнинг Қамаши туманида 6.020 минг сўм, Хоразм вилояти Янгибозор туманида 6.496 минг сўмдан арзон нархларда сотиб олинаётган экан.
Аксинча, Қашқадарё вилояти, Касби туманида 1 тонна пахта хом ашёси қўшимча қиймат солиғи билан 7.120 минг сўмдан ва фермерлар шартномавий режадан ортиқча пахта топширса, ортиқча пахтаси учун
1 тоннасини 8.188 минг сўмдан қабул қилаётганлигини билдиришди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги
ПҚ-4633-сонли “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг талаблари барча учун мажбурий эканлигини масъул идоралардан унутмаслигини сўраймиз.
Қишлоқ хўжалиги вазирлик томониданжаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, 2021 йил ҳосил йилида кутилаётган пахта хом ашёсининг минимал нархларини эълон қилишини кутиб қоламиз.
Human.uz таҳририяти