Аҳоли ўз ихтиёри билан пахта териб қўшимча даромад олмоқда
Фермер хўжалигимизда кўп йиллардан буён пахта ва ғалла етиштириб келамиз. Айни пайтда фермер хўжалигимиз далаларида пахта терими қизғин давом этмоқда.
Озодлик радиосининг ижтимоий тармоқларида “Пахта, кластер ва селектор” номли мақоласини ўқиб қолдим. Мақолада адолатга тўғри келмайдиган маълумотлар ифодаланган экан. Мен бу мақолага ўз муносабатимни билдиришни хоҳладим.
Бугунги кунда фермерлар учун пахтани сотиш нархи ва теримчиларга ҳам пахта териб олишда тўланадиган нархи ошди. Эндиликда фермерлар ва кластерлар пахта етиштиришдан фойда олмоқда. Сабаби, кластерлар ташкил этилмасдан олдин, ерга керакли бўлган ўғитлар ўз вақтида етказиб берилмаган. Етказиб берилган бўлса ҳам устида “шапка”си билан келган. Ҳозирги кунда-чи, ерларимизга ўғитлар ўз вақтида, меъёрида етказиб берилмоқда. Шу сабабли пахта ва ғалла ҳосилларини етиштиришда йилдан йилга центнер, тонналаримиз юқорилаб боряпти.
2021 йилда бизнинг Ёзёвон туманида биринчи теримнинг ўзидаёқ 50 центнергача пахта етиштирган фермерлар бор. Барака топсин шундай фермерларимиз.
Биз давлатимиз раҳбарлари томонидан тизимли яратилган кўрсатмаларига асосан, шундай ютуқларга эришяпмиз деб ўйлайман. Биз ҳам фермер хўжалигимиз даромадидан ҳозирги кунда туманимиз аҳолиси эҳтиёжларини қондириш, бозор муносабатларини, яъни нархларни мўътадил сақлаш мақсадида, ун заводи қурганмиз. Ҳозирги кунда донни қайта ишлаб туманимиз аҳолисига ун маҳсулотларини етказиб бермоқдамиз.
Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, маҳалламиз аҳолиси ўз ихтиёри билан пахта териб, қўшимча даромад олмоқда. Терим пуллари теримчиларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Фермерларга йиғилиш масаласига келсак, ҳеч қандай йиғилишбозлик ёки бошқа мажлисбозликлар бўлаётгани йўқ.
Пахта ҳосилларини умуман ерда қолдирмаймиз, чунки пахта биз фермерларнинг “олтин”имиздир. Шу сабабли Озодликда ёзилган мақола асоссиз деб ҳисоблайман.
Олимов Мирзоҳид, Фарғона вилояти, Ёзёвон туманидаги “Баҳромбек” фермер хўжалиги раҳбари. Ⓣ