Сирдарёда биттагина

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманилик Шоирахон Шаматовани уч-тўрт йил олдин тумандагилар яхшигина тадбиркор сифатида танир эди.

Ғайрати жўш урган аёл, ерга меҳри ўзгачалиги сабаб ўзи анча йиллардан буён орзу қилиб юрган “Олимжон қизи Шоирахон” фермер хўжалигини ташкил қилиб, дастлаб 120 гектар ерда дехқончилик қила бошлади. Отаси Олимжон аканинг “деҳқончилик энг ҳалол, энг савобли меҳнат тури”, деб айтган ўгитларига амал қилиб астойдил тер тўкиб меҳнат қилди. Агротехник қоидаларига амал қилиб, қишни қиш, ёзни ёз демай қилган меҳнатлари зое кетмай пахта ва ғалла режаларини ортиғи билан бажариб, эл назарига тушди. Бу орада фермернинг дала майдони 200 гектарга кенгайди. Ўтган йили ҳукуматимиз томонидан пахтани пахта териш машиналари билан қисқа фурсатларда териб олиш масаласи кўтарилганда, ҳеч иккиланмай АТБ Агробанкнинг Сайхунобод туманидаги филиалидан 1 млрд. 300 млн. кредит олиб, СЕ-220 маркали пахта териш машинасини сотиб олди. Қисқа фурсатларда “пўлат от”нинг сир-асрорларини ўрганиб, рулга ўзи ўтирди. Биз Шоирахонни йўқлаб унинг фермер хўжалигига борганимизда уни “пўлат от”ида пахта тераётган қизғин паллада учратдик.

– Шоирахон, бу улкан машинани бошқариш аёл кишига оғирлик қилмайдими, – деб сўраймиз ундан.

– Асло, – дейди Шоирахон Шаматова. – Ёшлигимдан енгил автомашина бошқариб юрганлигим боис бу конбайнни жуда тез ўзлаштириб олдим, бу машина илгариги машиналардан осмон билан ерча фарқ қилади. Унинг барча ускуналари аниқ ва пухта ишланган. Рули енгил айланади. Кунига пўлат отда 10-11 тонна пахта тераяпман. Ўтган йили мавсумда 120 тонна пахта терган эдим, бу йил 200 тоннани мўлжаллаб турибман. Даладаги пахталарни теримчи олмай 100 фоиз машинамда териб олишга аҳд қилганман. Ўтган куни 34 центенердан ҳосилдорликка эришиб йиллик пахта режамни бажардим. Ҳали далада пахта кўп. Бу йил 700 млн. даромад қилишни кўзлаб турибман.

– Шоирахон ўзининг фидокорона меҳнатлари туфайли сўнгги йилларда нафақат туманда, балки вилоятда ҳам илғор фермерлар сафида бормоқда, – дейди Сайхунобод тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акмал Қултоев. – Айниқса, пахта териш машинасини бошқариб, кунига 10 тоннадан зиёд оқ олтин териб, вилоят аёлларининг ҳавасини уйғотмоқда. У ҳозирги куннинг замонавий аёл фермери. Бир сўз билан айтганда, Сирдарёда биттагина аёл механизатор.

Фермер аёл оила ва фарзандлари хусусида шундай дейди.

– Оила муқаддасдир, у албатта биринчи ўринда, – дейди Ш.Шаматова. – Дала юмушларимда, фарзандлар тарбиясида менга энг катта кўмакчим ва суянчим умр йўлдошимдир. Икки ўғил, икки қизни вояга етказаяпмиз. Тўнғич ўғлим – Ойбекжон Тошкент Давлат Техника университетининг 2-босқич талабаси. Қизим Шаҳризода туман марказидаги 6-умумтаълим ўрта мактабининг 10-синфида ўқийди, спортнинг Taekwon-do тури билан шуғулланади. У 7 карра Ўзбекистон чемпиони. 2015 йил Малайзияда, 2017 йил Таиландда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда мутлақ ғолибликни қўлга киритиб 2 карра Жаҳон чемпиони бўлган. Фарзандларим юртимиз келажаги, тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшиши учун биз ҳам меҳнат қиламиз.

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/sirdaryoda-bittagina_307600

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram