Ўзбекистон Қаҳрамони: «Пахта етиштириш ва териб олиш учун барча шароитлар яратилди»
Фото: «Xabar.uz»
Меҳнат самарасини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди, чунки унинг замирида ҳақиқий пешона тери ётади. Ана шу ҳаракат инсонга бахт-саодат, омад келтиради. Ҳалол меҳнатдан топилган бойлик инсонларга эзгулик келтиради.
Мен ҳам 2000 йилда «Боғот» фермер хўжалигини ташкил қилиб, кўплаб ютуқларга эришдим. Мисол учун, ўтган йиллар давомида хўжалигимиз пахта ва ғалла етиштириб, юксак хирмон яратмоқда. Ҳар йилдаги каби, жорий йилда ҳам экилган пахта майдонларидан биринчи теримда ҳар бир гектардан 37 центнердан пахта йиғиб олинди. Шу кунларда ҳам далаларда қолган пахтани нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиб олиш учун пахта терим ишларини жадаллик билан олиб бормоқдамиз.
Яна бир гап. Ҳудудларда пахта кластерлар ташкил қилингандан буён, ташвишимиз анча камайди. Сабаби экин-текин даври бошланишидан аввал, баҳор фаслидаёқ кластерлар минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материалларни, эҳтиёт кисмлар каби зарур бўлган барча материалларни белгиланган меъёрда етказиб бермоқда.
Туманимиздаги бошқа фермерлар каби биз ҳам барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариб, бу йил анча улкан марраларни кўзлаб, қўпроқ даромад олишни режалаштирганмиз.
Фермерлар учун яратилган имкониятдан фойдаланиб, хўжалигим ҳисобидаги зарур техникаларни имтиёзли кредит асосида харид қилдим ва ушбу техникалардан ҳосил унумдорлиги учун фойдаланяпман. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан бирга, уни қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, хизматлар кўрсатишни мақсад қилганмиз.
Бу йил пахта сотиш нархи оширилиб, биринчи теримда терилган 1 кг пахта учун 1200 сўм, иккинчи теримдаги 1 кг учун 1500 сўм белгилангани бошқалар каби бизни ҳам қувонтирди. Пахта етиштириш ва териб олиш учун барча шароитлар яратилган. Айни вақтда маҳалла аҳолиси ихтиёрий пахта йиғим-теримига қатнашиб яхшигина қўшимча даромад топмоқда. Терилган кунлик пуллар даланинг ўзида, тарози устида берилаётгани, теримчилар учун тушликда иссиқ овқатлар ҳам ташкил қилингани кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Мана совуқ ва ёмғирли кунлар келмоқда. Шу кунларда пахтани ўз вақтида, ёмғирга қолдирмасдан йиғиштириб олишдан ўзимиз манфаатдормиз.
Шу тариқа камтарона меҳнатларим эвазига 2007 йилда «Шуҳрат» медали, 2010 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2016 йилда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирландим.
Келгусида хўжалигимизни кўп тармоқли фермерга айлантириш ва халққа хизмат кўрсатиш турларини янада кенгайтиришни ҳар бир тармоғини ривожлантириш орқали даромадимизни ошириш имконияти катта. Бу бизнинг қўлимизни узун қилади. Кутилаётган юқори даромад эвазига ижтимоий соҳанинг ривожига ўз ҳиссамизни қўшиш, жумладан, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Гапни қисқасини айтадиган бўлсак, шу юртда туғилганимдан фахрланаман ва ғурурланаман. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган турли хил миш-мишлар бироз дилимни хира қилди. Шу соҳада тўпланган 50 йилдан ошиқроқ меҳнат фаолиятим ва тажрибам асосида шуни айтишим мумкин-ки, буларнинг барчаси асоссиз. Келгусида ҳозирга қадар эришган ютуқларимдан тўхтамасдан, янада улкан марраларга эришишни режалаштирганмиз.
Шарипбой Ражабов,
Хоразм вилояти Боғот тумани «Боғот» фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Қаҳрамони