Фермер: “Маҳсулотларимизни эркин нархларда сотамиз”
Қишлоқда ўсиб улғайган оддий аёлман, ёшлигимдан далага меҳр бердим. Қачонлардир ўзим хам мустақил равишда ерга эгалик қилиб, имкониятларим ва тажрибамдан фойдаланишни ният қилган эдим. Ушбу ниятларим мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ рўёбга чиқди.
2000 йилда фермер хўжалиги ташкил этдим. Ҳар йили ўзимизга тегишли 59 гектар майдонга пахта экканмиз. Тўғри дастлабки йиллари анча қийналдим, чунки ер билан тиллашиш унинг дардини билиш машаққат ва вақт талаб килар экан, сабр-тоқат қилдим.Тажрибали пахтакорлар, ер билан тиллаша оладиган дехқонлар кўмагига таяндим. Натижада пахтачилик, ғаллачилик ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш сир асрорларини ўргандим.
Дастлабки йилларда пахта ва ғалла етиштириш бир томон уни йиғиштириб олишнинг захмати эса иккинчи томон бўлишини ўз фаолиятимда кўп бор гувох бўлганман.
Айни ғалла ўрими қизғин паллага кирган пайти ўрим комбайнларининг тақчиллиги оқибатида навбат кутишга тўғри келган бўлса пахта йиғим даври ташвишли бўларди.
Сабаби хохлайсанми-йўқми қўшимча теримга жалб этиладиганларга ётоқ жой тайёрлаш, кунлик теримга жалб қилинадиганларни кутиб олиш, транспорт харажатларини қоплаш фермернинг зиммасида эди.
Бу даврларни эслаш мен учун бир тарих бўлиш билан бирга ҳозирги вақтда амалга оширилаётган ишларимизнинг қадрига етиш учун бир сабоқ деб ўйлайман. Чунки фермерлик фаолиятимнинг кейинги беш йили мен каби фермерлар учун инқилобий ўзгаришлар йили бўлди, десам муболаға килмайман.
Зеро, ғалла ва пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниши ва харид нархларининг оширилиши биз фермерлар учун қулай бўлди. Натижада нафақат деҳқончилик қилиш балки қишлоққа саноатни олиб кириш, кўп тармоқли фермер хўжалигини юритиш билан биргаликда етиштирилган маҳсулотларимизни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлди.
Етиштирилган маҳсулотларимизни эркин нархларда сотишимиз эса янги техникалар сотиб олиш билан бир қаторда соҳага инновацион технологияларни олиб киришга замин яратди.
Пахта майдонлари кейинги икки йилда тўлиқ томчилатиб суғориш тизимига ўтказилди, бунинг учун субсидия ва бошқа имтиёзлар берилгани ҳам манзур бўлмоқда.
Фермерликни ўз зиммасига олган ҳар бир тадбиркор нафақат маҳсулот етиштириш балки билим олиши, илм-фан ютуқларидан хабардор бўлиб уни амалиётда қўллаш билан бир вақтда матбуот ва интернет тармоқларидаги маълумотлардан ҳам хабардор бўлиши зарур.
Яқинда ижтимоий тармоқларга “Пахта, кластер ва селектор” номли мақолани ўқиб қолдим. Ҳаётнинг паст баланди қувонч ва ташвишларини кўрган оддий фермер сифатида ўз фикримни билдиришни лозим деб топдим.
Худога шукр қанча қийинчилик, табиат инжиқликлари ва ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва сув танқислигига қарамасдан мен каби мамлакатимиздаги саксон мингдан зиёд фермерлар мўл ҳосил етиштириб, мисқоллаб териб олиш чораларини кўрмоқда.
Энг асосийси, терим мажбурий бўлмаяпти. Биринчи галда ишчиларимиз ва маҳалладошларимиз ихтиёрий равишда теримга чиқиб, об-ҳавонинг совуқ кунларига қолмасдан бор ҳосилни йиғиштириб олишга кўмаклашмоқда. Терим пулларини ҳар куни олиш эвазига аҳолининг моддий таъминотини яхшиланмоқда. Даладаги теримчиларга тўлиқ шароит яратиб берганмиз. Уч маҳал иссиқ овқат бепул ташкил этилиши билан биргаликда ўз ҳисобимиздан қўшимча терим пуллари ҳамда қимматбаҳо совғалар беришимиз терим суръатининг кундан-кун оширилишида қўл келмоқда.
Ўзбекларда азал-азалдан бирон тадбир ўтказиш олдидан маслаҳатлашиб олиш одат тусига айланган.
Пахта йиғим-терими даврида ҳар куни селектор йиғилиши ўтказилаяпти. Фермерларнинг вақти олиняпти, деган гаплар асоссиз. Ваҳоланки, ҳар бир мавсум олдидан унинг ташкилий масалалари кўрилиб тегишли чоралар белгилаб олинади. Бу йил хам худди шундай бўлди. Ҳозирги фермер аввалги фермер эмас, алоқанинг турли тезкор тармоқларига уланганлиги сабабли юз, икки юз киши бир жойда тўпланмасдан тошириқлар олишади. Бу йил ҳам бир марта мавсум бошланиши олдидан шундай топшириқларни олдик, кластерлар билан узвий ҳамкорлик бўйича тавсиялар берилди.
Бунинг барчасининг негизида пировард натижада самарадорлик ва иқтисодий манфаатдорлик мужассам. Ахир пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни нобуд қилиб бўладими.
Хисоблаб кўрсам бир тонна пахтадан 340 килограмм тола, 55-60 килограмм чигит, 50-60 килограмм момиқ, 380 килограмм кунжара, 310 килограмм шелуха умуман 92 турдаги маҳсулот олиш имконияти бор экан.
Буларнинг ҳаммаси мен каби захматкаш фермерларимизнинг пешона тери маҳсули эканлигини унутмаслигимиз керак. Бу масаланинг бир томони бўлса, иккинчиси давлат томонидан меҳнатнинг қадр топиши ва қадрланиши экан.
Мен ана шу юртда туғилганимдан фахрланаман ва ғурурланаман, чунки камтарона меҳнатларимнинг натижасида қатор давлат мукофотлари соҳиби бўлдим. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвони билан тақдирланганим меҳнатимга берилган юксак баҳо деб биламан.
Хайдарова Зайнаб,
Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги
“Меҳнат роҳат” фермер хўжалиги раҳбари
https://uza.uz/uz/posts/fermer-mahsulotlarimizni-erkin-narxlarda-sotamiz_307309