Томорқа ўзини ўзи банд қилишнинг мақбул тизими
Мамлакатимизда тадбиркорликни, хусусан кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантиришга, ўзини ўзи иш билан банд қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз томонидан оилавий тадбиркорлик йўналишида ишларни янада такомиллаштиришга алоҳида урғу берилмоқда. Хусусан жорий йилнинг 20 август куни бўлиб ўтган Юртбошимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида ҳам бунга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашувда таъкидланганидек, ислоҳотларимиз учун ўта муҳим бўлган оилавий тадбиркорлик йўналишида ҳам 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Энди бу янги тизимда одамларимиз тадбиркорлик учун кредит оламан деб ҳокимиятга, банкка ёки бошқа идорага бориб юрмайди, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун таъминотчини қаердан топаман, деб, бош қотиришга зарурат қолмайди.
Айни пайтда ўзини ўзи банд қилишда томорқаларнинг ўрнини алоҳида қайд этиш ўринлидир. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан бугунги кунга қадар республикамиздаги 8120 нафар томорқа ер эгаларига иссиқхона, лимончилик иссиқхоналари, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчиликни ривожлантириш, мотокультиваторлар, кўчат ва уруғлар сотиб олинишига, боғ ва токзор ташкил этиш, артезиан қудуқлар қазиш учун 80,5 миллиард сўм маблағ ажратиб берилди.
Жумладан, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, маҳаллий аҳолининг даромадларини кўпайтириш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ҳажмини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлдаги “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорларига кўра Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан сув таъминоти оғир ҳудудларда артезиан қудуқларини бурғулаб ишга туширган талабгорларга Давлат бюджети ҳисобидан субсидия маблағлари ажратиб берилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича 2020 йилда сув таъминоти оғир 37 та тумандаги 94 та кичик ва 224 та катта ҳажмли артезиан қудуқларни бурғулаб ишга туширган 318 нафар талабгорга давлат бюджетидан 26 миллиард 616,3 миллион сўм субсидия маблағлари ажратиб берилди. Натижада 203 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 7 минг 300 дан ортиқ томорқа ер эгасининг 1160 гектар томорқа экин майдонларини сув билан таъминлашга эришилди. Амалга оширилган ишлар натижасида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги томорқа ер эгаларининг томорқадан 2 ва 3 маротаба ҳосил олиши орқали даромадини оширишга имкониятлар яратилди.
Маъруфжон Ўрозов,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бош мутахассиси
https://uza.uz/uz/posts/tomorqa-ozini-ozi-band-qilishning-maqbul-tizimi_299413