Аҳолига ижарага ер бериш лойиҳаси муҳокамада

Ҳисоб-китобларга кўра, дунёда кузатилаётган пандемия сабабли жаҳон иқтисодиёти ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар кўрмоқда. Карантин шароитида 500 миллионта иш ўрни йўқотилган.

Бундай шароитда аграр тармоқдаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги иш ўринлари яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириққа кўра ишсиз аҳолини қишлоқ хўжалигига жалб этган ҳолда бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида аҳолига деҳқончилик билан шуғулланиши учун 10 йил муддатга ер участкасини ижара шартномаси асосида босқичма-босқич ажратиб бериш белгиланган.

Шунга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Агросаноат кластерлари ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги ғалладан (пахтадан) бўшаган ер майдонларини аҳолига ижарага бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳасини тайёрлади.

Айни вақтда ушбу қарор лойиҳаси юзасидан ижтимоий тармоқларда кўплаб фикр айтилмоқда, эътирозлар билдирилмоқда.

Агарда бу қарорнинг салбий жиҳатлари бўладиган бўлса, аграр соҳада фаолият юритувчи яна бир йирик тузилма – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассисларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

– Қарор лойиҳасини бўш турган ва захирага олинган ер майдонларини аҳолига 10 йил муддатга ижарага бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида, деб ўзгартиш лозим, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Санжар Исаев. – Негаки, Президентимизнинг 2021 йил 8 июнда қабул қилинган
«Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида бўш турган ва захирага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар очиқ электрон танлов якунларига кўра ижара ҳуқуқи асосида берилиши белгиланган.

Шунга кўра лойиҳада қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг унумдорлигини ошириш, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун бўш турган ва захирага олинган ерларни «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ва ишсиз аҳолига очиқ электрон танлов якунларига кўра ижара шартномаси орқали 10-30 сотихдан ажратиб беришни белгилаш лозим.

Лойиҳада ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш эмас, балки деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 йил муддатга ижарага бериш назарда тутилмоқда. Аҳоли яшаш жойидан узоқда жойлашган бўш турган ёки захирадаги ер участкаларида ишсиз, даромадга эга бўлмаган фуқаролар деҳқон хўжалиги юритиш учун бир мунча қийинчиликларга дуч келади.

Шу мақсадда, ишсиз, қўшимча даромадга эга бўлмаган фуқаролар харажат қилмаслиги учун аҳоли яшаш жойига яқин жойлашган, суғориш учун қулай бўлган бўш турган ёки захирадаги ер участкаларидан танланиши мақсадга мувофиқ.

Агросаноат кластерлари «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамиятлари, ҳудуддаги экспортёр корхоналар ўз манфаатдорлигида ишсиз фуқароларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ўргатади. Сўнгра ажратилган ер майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга амалий ёрдам беради ва етиштирилган маҳсулотларни ўзаро келишилган нархларда харид қилади.

Бунда «маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш – қайта ишлаш – экспорт қилиш» тамойили асосида қўшимча қиймат занжирини яратишда фуқароларнинг бевосита иштироки таъминланади.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра, ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари муҳокама порталида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишлаб чиққан қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилувчи орган Вазирлар Маҳкамасига киритишдан олдин албатта жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта эътироф этиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишларни бошланганлиги таъкидланган эди.

Шу асосда барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – «Темир дафтар» тизими жорий этилди. Қисқа муддатда бу тизим орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Иқтисодий ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганда биргина, Хитойдааграр соҳадаги ислоҳотлар бошланишида 180 миллион деҳқонга 1-3 йилгача ижарага ер ажратиб берилган, кейинчалик 50 йилгача ижарага берилган. Натижада қишлоқдаги 180 миллион оила пассив камбағалликдан иқтисодий фаол кучга айланган.

Мамлакатимизда ҳам аграр соҳада бозор тамойиллари кенг жорий қилиниши натижасида фермер ва деҳқонларимизнинг иш самарадорлиги ва моддий манфаатдорлиги ошиб бормоқда. Илгари фойдаланишдан чиққан ерлар ўзлаштирилмоқда.

Ишсиз аҳолини қишлоқ хўжалигига банд қилиш, ер участкаларини деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ижарага бериш орқали уларнинг даромадларини ошириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишлаб чиққан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси, бугунги кунда камбағалликни қисқартириш учун жуда зарур бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Бугун фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, кластерлар билан ҳамкорликда нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Зеро, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га тушган ҳамда ишсиз, камбағал аҳолининг моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Сайёра Шоева, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/aholiga-izharaga-er-berish-loyihasi-muhokamada_288228

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram