Лимон нафақат даромад манбаи, балки саломатлик посбонидир

Лимон истиқболли ва сердаромад тармоқлардан бўлиб, у инсон саломатлигини сақлашда муҳим хусусиятга эгалиги билан ажралиб туради.

Бугунги кунда республикамизда лимон кўчатларини етиштириш ва уни етиштирувчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишда муҳим рол ўйнамоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 27 январдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, лимончилик йўналишидаги лойиҳалар учун камида 50 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиши белгиланган.

Айни пайтда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятларидаги томорқа ер эгаларига лимончилик йўналишидаги лойиҳалар учун 16,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Ҳар бир томорқа ер эгаларига 2 сотихдан 4 сотихгача лимончилик иссиқхоналари қуриб берилди. Натижада республикамиз бўйича “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтари”да рўйхатда турган 1115 нафар томорқа ер эгалари иш билан таъминланиб, томорқасида лимончилик билан шуғулланмоқда.

Ўрганишлар давомида Жамғарма томонидан Навоий вилоятида томорқасида иссиқхона қуриб, лимон етиштириш истагини билдирган 42 нафар томорқа ер эгаларига 861 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратиб берилди.

– Соҳа мутахассислари хонадонимга келиб, иссиқхона қуриш таклифини билдирганида, лимончиликни ривожлантириш ниятим борлигини айтгандим, – дейди Навбаҳор тумани “Пахтакор” МФЙда яшовчи Муниса Бахронова. – Натижада ҳужжатларимни расмийлаштиришга кўмаклашишди ва менга жамғарма томонидан 16 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ҳовлимдан 2 сотихли лимончилик иссиқхонаси қуриб берилди.  

Айни пайтда М.Бахронова унга ажратилган имтиёзли кредитдан унумли фойдаланган ҳолда оиласини тебратмоқда. Даромадни кўпайтириб, қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирган.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лимон, аввало, табиий қон тозаловчи воситадир. Ундан қон босими кўтарилганда, ошқозон-ичак касалликларида, подагра, атеросклероз, ўпка сили, нафас йўллари шамоллаганда, гепатит, бавосир, сийдик йўлларидаги тошларни эритишда, тана ҳароратини туширишда, бод касалликларини даволашда фойдаланилади.  

Шундай экан, лимон нафақат даромад манбаи, балки саломатлигимиз посбони ҳамдир.  

М.Ўрозов,

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси.

https://uza.uz/uz/posts/limon-nafaqat-daromad-manbai-balki-salomatlik-posbonidir_283402

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
error

Bizni kuzating

YouTube
YouTube
Telegram