Етиштирилган маҳсулот фермернинг хусусий мулки, уни олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ
Ғалла ҳосилини йиғиб олиш қизғин паллага кирган айни кунларда ижтимоий тармоқларда айрим мутасаддиларнинг ғалла кластерлари билан фермер хўжаликлари ўртасида тузилган контрактация (фьючерс) шартнома шартларидан четга чиқиб, ўрнатилган тартибда биржа орқали шартнома расмийлаштирмасдан ҳосилнинг режадан ортиқча қисмини топширишга мажбур қилинаётганлиги ҳақида маълумотлар келмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мулкдорнинг етиштирган ғалласи ва шартномадан ортиқча ҳосил унинг хусусий мулки эканлиги, ихтиёрий равишда асосий контрактация шартномасига биржа баҳосида қўшимча шартнома-келишув қилмасдан, етиштирган ҳосилини мажбуран топширишга ундаш мансабдор шахсларга маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатмоқда. Бунда етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш эҳтимоли ҳам мавжуд.
Бундай ҳолатларда кенгаш фермер хўжаликлари манфаатини ҳимоя қилиш, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари масъул шахсларига нисбатан уларнинг иш жойи ва юқори идораларига қонунбузилиш ҳолатлари бўйича сўровнома, хўжалик юритувчи субъектлар дон корхоналари -ғалла кластерларига эса талабнома киритиш ҳамда иқтисодий судларга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига кўра, фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулотни реализация қилиш, жумладан, давлат эҳтиёжлари учун реализация қилиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар билан хўжалик шартномалари тузиш ҳуқуқига эга. Шартнома мажбуриятлари бузилган тақдирда тарафлар қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Фермер етиштирган маҳсулот унинг хусусий мулкидир. Фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 млн. сўмдан 19,6 млн. сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланган.
Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркин ҳисобланади. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг контрактация шартномаларидан ортиқ етиштирган маҳсулоти учун мажбурий қўшимча шартнома ёки келишув тузиш ман этилган. Фақат уларнинг розилиги билан шартнома тузиш амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган келишмовчилик ва низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Аксинча, жавобгарликни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020 йил ҳосилидан давлатга ғалла сотиш буюртмаси 25 фоизга камайтирилди. 2021 йилдан эса ғалла сотиш буюртмаси 100 фоизга бекор қилиниши белгиланди. Бундай дадил қадамнинг тагида кўп йиллардан бери пахта ва ғалла етиштириб, давлатга сотиб косаси оқармай келаётган 25 мингдан ортиқ фермернинг оғир ва машаққатли меҳнатидан манфаатдор бўлиши ётибди. 2020 йилда давлатга ғалла сотиш буюртмасининг 25 фоизга камайтирилгани эса 755 минг тонна ғаллани давлат томонидан белгиланган харид нархида давлатга сотмасдан, уни бозор баҳосида сотиш 100 мингга яқин қишлоқ аҳолисининг моддий манфаатдорлигини оширишга имконият яратди, деганидир.
Соҳада замонавий ресурс тежайдиган технологияларнинг жорий этилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари томонидан ер, сув ва моддий-техник ресурслардан самарали фойдаланиш, етиштирилган хомашёни қайта ишлаган ҳолда тайёр маҳсулот кўринишида истеъмолчига етказиб бериш имконини бермоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш орқали бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқага бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини оширишга эришилмоқда. Хусусан, ғаллачилик кластери ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш)нинг замонавий инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда, бошоқли дон етиштириш ёки уни шартнома асосида сотиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ички ва ташқи бозорга етказиб беришни таъминлайди.
«Буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш тартиби тўғрисида»ги Низомда буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш агротехник тадбирлар муддатларига мувофиқ тегишли молия йилидан олдинги йилнинг 1 сентябридан молия йилининг 1 июнигача амалга оширилиши белгиланди. Жамғарма тижорат банки билан тузилган битимга мувофиқ, кредитларни қарз олувчининг буғдой етиштириш харажатларини кредитлаш учун 12 ой муддат билан уруғлик қийматини ҳисобга олган ҳолда буғдой ялпи ҳосили умумий қийматининг 40 фоизигача йиллик 8 фоизда, 50 фоизигача йиллик 10 фоизда жойлаштиради. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, фақат донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан республикада етиштирилган ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача 50 миллиард сўмгача миқдорда кредитлар ажратилди. Ғаллани харид қилиш учун ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилмайди.
2021 йил ҳосилидан бошлаб талабгор корхоналарнинг дон сақлаш сиғимлари хатловдан ўтказилиши ва уларнинг амалдаги талабларга мослиги тўғрисида хулоса берилиши, ижобий хулоса берилган корхоналарнинг лабораториялари ва тарозилари хатловдан ўтказилиши, тегишли рухсатномалар берилиши, дон сақлашга рухсат этилган корхоналар рўйхати тасдиқланиши ҳамда уларнинг дон сақлаш қувватларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб боришни таъминлаш вазифалари масъулларга юклатилди. Жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархларини таҳлил қилган ҳолда, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархларни эълон қилиш ҳамда бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши амалиёти жорий этилди. Дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги буғдойни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар (сотиб олиш, ташиш, сақлаш), харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасида юзага келган тафовут (ижобий, салбий) республика бюджетидан қоплаб берилиши белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ғаллачилик соҳасида ҳам бозор муносабатларига ўтиш учун дадил қадам ташланмоқда. Контрактация (фьючерс) шартномалари орқали тайёрловчи, қайта ишловчи корхоналар ғалла кластерлари билан қишлоқ хўжалиги товар маҳсулоти ишлаб чиқарувчи фермерларнинг ўзаро кооперацияси, хўжалик муносабатлари занжири вужудга келмоқда. Бу уларнинг зарар кўрмасдан хўжалик фаолияти юритишига, ўзаро ҳамжиҳатлик билан шартномалар тузиш йўли билан ишлашига ҳамда ўзаро келиб чиққан низо ва тушунмовчиликларни бартараф қилишига имконият яратади.
Соҳибжон Ҳатамов,
Кенгаш юридик бўлим бошлиғи