Умуммиллий бойлигимизни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ҳужжат ерни кўз қорачиғидек асраш ва табиат иқлими ўзгариши шароитида ер ресурсларини муҳофаза қилиш, ундан оқилона фойдаланишда ердан фойдаланувчи жисмоний ва юридик ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишда яна бир муҳим қадам бўлди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Ўзбекистон шароитида дунёдаги барча мева-сабзавот ва ўсимликларни ўстириш ҳамда етиштириш имкониятлари мавжуд. Лекин қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларига ўтишда фуқароларнинг ҳуқуқий қарашлари ва маданиятини юксалтириш, қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотларини замонавий бозор инфратузилмаларига айлантириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бунга, асосан ўтмишдаги маъмурий буйруқбозлик бошқаруви, пахта якка ҳокимлик тизими, деҳқонларга эркинлик ва ер бермаслик, ерни ҳуқуқий тартибга солувчи қонунлар аҳоли манфаатини ҳимоя қилмаслиги ҳамда қишлоқ хўжалигида мулкчилик шакллари, рақобат муҳити йўқлиги ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлган. Деҳқону боғбонларимиз ота-боболаримиздан қолган миллий деҳқончилик тажрибаларини ерга қўллай олмай, бор куч, билим ва имкониятларини сарфлай олмаган.
Замон талаби билан бугун соҳа масъуллари зиммасига қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, ерни сифатли ҳайдаш, тупроққа етарлича минерал ва маҳаллий ўғитларни солиш, тупроқ, иқлим шароитини ҳисобга олиб экинларни жойлаштириш, кимёвий ишлов бериш ва ҳимоялаш ҳамда сифатли экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, замонавий илм-фан ютуқларидан фойдаланиш каби қатор долзарб вазифалар юкланмоқда.
Ушбу фармонда ер муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг янги механизмлари белгилаб берилди. Жумладан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниши, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиниши, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, очиқ электрон танлов якунларига кўра ижара ҳуқуқи асосида ажратилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар эса мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади. Барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Албатта, бир қатор янги механизмлар қаторида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид бир қатор ҳуқуқлари жорий йилнинг 1 августидан бекор қилинди. Жумладан, ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш шулар жумласидандир. Бундан, ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно, албатта.
Туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш бекор қилинди.
Эндиликда ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди. Уларнинг ҳам бир қатор вазифалари мавжуд. Мисол учун, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш. Шунингдек, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш, ерларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш, қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш, ерга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш каби вазифалар ҳам юклатилган.
Мухтасар айтганда, мазкур фармон билан ер муносабатларида янги ислоҳотлар бошланди. Бу, албатта, халқимиз дастурхонини тўлдириш, аҳолини иш билан таъминлаш, ерга бўлган фуқаролик муносабатимизда туб ўзгаришларга асос бўлади. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар юртдошларимизнинг ҳаёти фаровонлигини ошириш ва албатта, ёшларимизнинг баркамол бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Соҳибжон Ҳатамов,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи.
https://uza.uz/uz/posts/umummilliy-boyligimizni-asrash-har-birimizning-burchimizdir_278110