Сурхондарёлик ёшларга 20 сотихдан ер берилди
Етмаганни ерга от, ортиғини элга торт. Топиб айтилган халқ мақоли ерга имкони борича кўпроқ уруғ сочишга, кўпроқ экин экиб, кўпроқ ҳосил олишга даъват этади.
Жорий йилнинг 8 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳолига 20 сотихдан ер ажратилиши бўйича берилган топшириқдан кўзланган мақсад ҳам шу. Одамларнинг бор ердан унумли фойдаланиб, кўп уруғ қадаб, мўл ҳосил олиши ва унинг даромадидан рўзғори, яшашини фаровонлаштириши кўзланган.
Айни шу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Ангор туманида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Семинарда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, O’zLiDePфракцияси раҳбари А.Хаитов, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда Ангор, Қизириқ, Бандихон, Жарқўрғон, Термиз, Шеробод ва Музработ туманларидан алоқадор ташкилот вакиллари иштирок этишди.
Иш билан банд бўлмаган аҳолининг даромадларини кўпайтириш мақсадида, ғалладан бўшаган майдонлардан ер ажратиб бериш мавзусига бағишланган семинар давомида “Тўлқин” маҳалласида яшовчи ёшларга 20 сотихдан ер берилди.
— Хонадонимизда учта оила яшаймиз. Томорқамиз 10 сотихдан иборат. Деҳқончилик билан доимий шуғулланиб келамиз. “Ёшлар дафтари”га киритилганлигим учун 20 сотих ер берилди. Бу оиламиз учун айни муддао бўлди. Эндиликда қўшимча ердан ҳам даромад топиб, оиламиз бюджетини яхшилаш имкониятига эгамиз. Тайёр ҳайдалган ерга бозорбоп маҳсулотларни экамиз, — дейди Анвар Холмуродов.
O’zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши
матбуот хизмати
https://uzlidep.uz/news-of-party/9325