Янгийўлда «Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази» ишга туширилди
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида Томорқачиликни ривожлантириш миллий маркази ишга туширилди. Унда биринчи маҳорат дарси Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг томорқачи, деҳқон ва фермерлари учун ташкил этилди.
Маҳорат дарсида иштирокчиларга яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.
– Ушбу қонунларнинг қабул қилингани қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган аҳоли учун янги қулайликлар яратишда қўл келмоқда, – дейди Риштон томорка кластери раҳбари Ҳафизов Бахтиёр. – Мисол учун, томорқа эгалари энди етиштирган ва қайта ишлаган маҳсулотларини эркин реализация қила олади ҳамда нарх белгилай олади. Шунингдек, ўзи етиштирган озиқ-овқат маҳсулотларини бозорлар, савдо шохобчаларида мустақил равишда ёки ўз вакиллари орқали бемалол сотади.
Маҳорат дарсида шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2018-2021 йилларда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган 75,7 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берилди.
– Ушбу маблағлар эвазига ўтган даврда 1 минг 792 та хонадонда 30,6 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори Саттаров Тўлқин. – 96 та хонадонда 54 мингдан ортиқ зотдор парранда, 59 та хонадонда 1,3 мингдан ортиқ асалари оиласи, 12 та хонадонда 316 дан ортиқ наслли қўй парвариш қилинмоқда. 424 та хонадоннинг 746 гектар майдонига уруғ ва кўчатлар етказиб берилди. Шунингдек, 379 гектарда боғ ва токзорлар барпо этилди. Натижада 3 минг 562 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Имтиёзли кредит, субсидия ва бошқа преференциялар берилиши аграр тармоқда меҳнат қилаётган аҳоли меҳнатини осонлаштирмоқда. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги ашё-анжомлари ва ускуналари, суғориш қурилмалари — насослар, артезиан қудуқлар ва бошқаларни сотиб олишда берилган имтиёзлар ютуқларнинг гарови бўлмоқда.
Семинарда вилоятлардан келган деҳқон ва фермерлар турли масалаларда ўзаро тажриба алмашди, ўрганилган масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Кенгашининг Жамоатчилик билан алоқалар хизмати
https://xabar.uz/iqtisodiyot/yangiyolda-tomorqachilikni-rivojlantirish-milliy-markazi